Хўжали қирғини ёхуд Қорабоғдан эшитилаётган даҳшат овози

Таҳлил

image

1992 йилнинг 26 февралида дунё инсоният тарихидаги энг даҳшатли тонглардан бири билан уйғонди. Тарихга қора доғ бўлиб кирган қирғин Озарбайжон Республикаси Қорабоғ вилоятининг Хўжали шаҳрида содир бўлди. Ўша оқшом арман кучлари барчани эркак, аёл, кекса ва бола демасдан, қирғин қилди.

Қатл учун қадамлар

Аслида, Хўжали қирғинигача бўлган воқеалар занжири 1980 йилларнинг иккинчи ярмида СССР парчаланиши билан бошланган. СССРда ҳокимят тепасига Михаил Горбачёв келганидан сўнг “Ошкоралик” ва “Қайта қуриш” сиёсати эълон қилинди. Илгари сукут сақланган, аммо бутун Совет Иттифоқида маълум бўлган ижтимоий-иқтисодий муаммолар кенг жамоатчилик олдида ошкор муҳокама қилина бошлади. 1987 йили Қорабоғнинг маҳаллий армани аҳолиси ўзларининг ижтимоий-иқтисодий аҳволидан норозилик билдириб чиқди. Қорабоғ ва Еревандаги миллатчи кучлар эса бу норозиликни ўз манфаатлари йўлига буриб юбориши ва Озарбайжонга ҳудудий даво бошлаши муаммонинг асосига айланди. 

1987 йил ноябрда СССР президентининг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Абел Аганбегян Францияга бориб, Интерконтинентал меҳмонхонасида бир гуруҳ франциялик арманлар билан суҳбатлашди. Суҳбат жараёнида у Горбачёв гўёки Қорабоғнинг Арманистон таркибига қўшиб олинишига рози экани ҳақида баёнот берди. Франциянинг кундалик коммунистик газетаси “L’Humanité”да чоп этилган бу нутқ дунё оммавий ахборот воситаларида кун мавзусига айланди. 

СССР тарқалиб кетиши арафасида Ғарб ва Шарқнинг айрим мамлакатларидаги арман миллатчи жамоалари “Крунк”, “Миасум” ҳамда  Арманистонда фаолият олиб борувчи “Қорабоғ” қўмитасига берилаётган моддий ва ташкилий ёрдам кучайтирилди. 1988 йилнинг 18 февралида Горбачёвнинг миллий масалани қайта кўришни кун тартибига қўйиши муаммони янада чигаллаштирди. 1988 йил 20 февралида Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти депутатларининг навбатдан ташқари сессияси иш бошлади. Депутатларнинг 140 нафаридан 110 нафари арманилар эди. Улар кам сонли озар депутатларини залга киритмай Қорабоғни Арманистонга топшириш тўғрисидаги мурожатнома тайёрлашди. Арманистон томони эса бу мурожатни қабул қилди.  

Хўжали қирғини ёхуд Қорабоғдан эшитилаётган даҳшат овози

Бу ўзгаришлардан сўнг Қорабоғ автоном маъмурияти мустақиллик референдумини ўтказишга қарор қилди. Озарбайжонлар иштирок этмаган референдумда “Тоғли Қорабоғ Республикаси” эълон қилинди. Танглик энг юқори чўққисига чиқди. Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги зиддият муқаррар бўлди. Озарбайжон ССР КГБсининг раиси Зиё Юсуфзоданинг бир мактубидан маълум бўлишича, Арманистон тарафидан Сумгаитининг ўзигагина 18330 киши, яъни 3030 оила қочиб ўтди. Қочқинлар сони кун сайин ортиб, оқибатда бир неча юз минг кишини ташкил этди. 

1991 йил 8 декабрда СССР халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида тугатилгач, “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги” аталмиш халқаро ҳужжат эълон қилинди ва мазкур ҳужжатни иттифоқдош 11 республика, жумладан, Озарбайжон ва Арманистон ҳам имзолади. Ҳужжатнинг 5-моддасида “Томонлар бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини тан олади ва ҳурмат қилади” дейилган эди. Аммо руслар томонидан қўллаб-қувватланган арман кучлари Қорабоғ ҳудудини босиб ола бошлади.

Ва Хўжали қирғини...

Майдони 936 квадрат километр бўлган Хўжали ўзининг жойлашувига кўра Қорабоғнинг энг муҳим нуқталаридан бири бўлган. 2605 хонадон жойдашган Хўжали 7 мингга яқин аҳолига эга шаҳар эди. Бироқ можаролар туфайли  аҳоли сони  3 мингга камайди. Минтақадаги ягона аэропорт шу ерда бўлгани учун у стратегик аҳамиятга эга эди. 

Арман кучлари 1991 йилнинг охирги кунларида ҳаракатга киришди. Улар Хўжали ва унинг атрофидаги қишлоқларга олиб борувчи йўлларни эгаллаб олдилар. 1992 йил 25 февраль оқшомида МДҲнинг 366-мотоўқчи полки кучларидан ёрдам олган арман қўшинлари ҳужумга киришди.  Арманистон кучлари ва русларнинг техник воситаларидан фойдаланиб, шаҳар артиллерия ва танклардан ўққа тутилди, 26 февраль эрталабгача давом этган қирғин 613 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Арман аскарлари томонидан тунда содир этилган жиноят 26 февраль санаси билан инсоният тарихида қора доғ сифатида қолди. Расмий маълумотларга кўра, ҳалок бўлганларнинг 63 нафари болалар, 106 нафари аёллар ва 70 нафари кексалардир. 487 киши оғир жароҳатлар билан тирик қолган. 1275 киши арман кучлари томонидан асирга олинган. Асирга олинган 150 киши, жумладан 68 аёл ва 26 бола ҳақида маълумот йўқ. Янада ачинарлиси марҳумларда ўта оғир қийноқ излари мавжуд эди, яъни 56 киши тириклайин ёқиб юборилган, бош териси шилинган, кўзлари ўйиб олинган, ҳомиладор аёлларнинг эса қорни ёрилган. Бу қирғинда 8 оила бутунлай йўқ қилиниб, 130 бола отаси ёхуд онасидан, 25 бола эса ҳам ота, ҳам онасидан айрилган. 

Қочиш орқали ўзини қутқармоқчи бўлган аҳолининг бир қисми олдиндан қўйилган пистирмаларда ўлдирилди. Россия инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш “Мемориал” марказининг маълумотига кўра, тўрт кун мобайнида Хўжалидан Агдамга 200 нафар кишининг жасади келтирилган, ўнлаб мурдалар устидан таҳқирлаш фактлари қайд этилган.  Агдамда 181 жасад (130 нафар эркак ва 51 нафар аёл, шу жумладан, 13 нафар бола) суд-тиббий экспертизадан ўтказилган. Экспертиза давомида 151 нафар кишининг ўлимига ўқдан яраланиш, 20 кишининг ўлимига осколка жароҳати, 10 кишининг ўлимига қаттиқ буюм билан зарба бериш сабаб бўлгани аниқланган. Ҳуқуқий ҳимоя маркази томонидан тирик одамларнинг терисини шилиш фактлари қайд этилган. 

Ушбу қонли ҳодисага гувоҳ бўлган, оиласидан фақат гўдак қизи ва тўрт ёшли ўғлинигина қутқариб қолган ёш она кўзида ёш билан Хўжалининг қалбни ларзага келтирадиган тарихини шундай ҳикоя қилади:  

“Одамлардан, ҳатто, ов милтиғини ҳам тортиб олишди. Бизда ўзимизни ҳимоя қилиш учун ҳеч қандай имконият йўқ эди. Фақат турмуш ўртоғим қуролини беркитишга муваффақ бўлди. Олов ичида ёнаётган шаҳардан Хўжалининг энг чекка қисмига аранг етиб олдик. Кейин таъқиб этаётган жангарилар бизга қарата ўқ узаётганларини кўрдик. Улар бизни ё ўлдирмоқчи ёки асирга олмоқчи эдилар. Эрим тўхтаб уларга қарата ўқ узди. У “қочинглар, сизни ушлаб олишларига йўл берманг!”, дея қичқирарди. Оиламизнинг айрим аъзолари ўқ тегиб ерга юзтубан йиқилишди. У жангарилар билан аёвсиз жанг қиларди. Мен иккита болам билан ялангоёқ, бош кийимсиз югуриб, қоронғида шоҳ-шаббалар орасига яшириндим. Эримдан узоқлашиб борганим сари унинг “қочинглар, яширининглар, қўлга тушманглар!” деган ҳайқириқлари элас-элас эшитиларди.  Биз қочиб қутулдик, у эса қурбон бўлди…”

Геноцид ва дунё

1994 йил февралда Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси томонидан Хўжали воқеалари геноцид деб эълон қилиниши ўзига хос аҳамиятга эга эди.  Ўша пайтдан бошлаб Хўжали фожиаси инсониятга қарши энг оғир жиноят сифатида кенг миқёсда эсланадиган бўлди. Озарбайжон миллий лидери Ҳайдар Алиевнинг 1998 йилда имзолаган “Озарбайжонликларга қарши геноцид тўғриси”даги Фармонида озар фуқароларининг оммавий қирғин этилиши геноцид хусусиятига эгалиги ва озарбайжонликларнинг этник тозалаш сиёсати ҳисобланиши очиқ айтилди. Фармонга кўра, юз йилдан ортиқ давом этган геноцид қурбонлари хотираси учун 31 март санаси “Озарбайжонликларнинг геноциди куни” деб эълон қилинди. 

Можаронинг дастлабки йилларида арман қуролли бандалари томонидан Тоғли Қорабоғнинг озарлар яшайдиган Кяркижаҳон, Мешали, Гушчулар, Гарадагли, Ағдабан ва бошқа қишлоқларида амалга оширилган хунрезликлар ва ниҳоят, Хўжалидаги геноцид бир умрга “жафокаш” арманлар виждонидаги қора доғ бўлиб қолишига шубҳа йўқ. 

Бугунги кунда Хўжали геноцидини Озарбайжондан ташқари, Покистон ҳамда Судан, парламент даражасида Мексика, Колумбия, Чехия, Босния ва Герцеговина, Жибути, Перу, Гондурас, Панама, Иордания, Руминия ва Шотландия тан олган. АҚШнинг 22 штати Хўжали геноцидини тан олиш ҳақидаги ҳужжатни қабул қилган.  

Босқиндаги Қорабоғ энди озод

2020 йил 14 июль куни Озарбайжон-Арманистон чегарасида рўй берган тўқнашувда Озарбайжон армиясининг бир генерал-майори бошлиқ 7 нафар аскарнинг шаҳид бўлиши Қорабоғнинг озод қилинишига олиб келган операциянинг бошланиши бўлди. 27 сентябрь куни Арманистон қўшинлари Тоғли Қорабоғ яқинидаги тинч аҳоли пунктларига ўт очди, Озарбайжон ўз ерларини ишғолдан озод қилиш учун “Қасос” қарши ҳужумини бошлади, натижада босиб олинган ерлар бирин-кетин озод қилинди. 

2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2,9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.

Баҳромжон Худойбердиев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made