Озарбайжонда терактнинг олди олинди: Нефть қувури ва Исроил элчихонаси омон қолди (видео)
Олам
−
08 Март 9191 2 дақиқа
Озарбайжон хавфсизлик идоралари мамлакатда Эронга боғлиқ бўлган террорчилик режаларини бартараф этганини маълум қилган. Боку томонидан эълон қилинган видеоларда махсус операция давомида мусодара қилинган қурилмалар, жумладан С-4 туридаги кучли портловчи моддалар намойиш этилган. Бу ҳақда “Euronews” ёзди.
Маълум қилинишича, операция Давлат хавфсизлик хизмати томонидан олиб борилган қарши разведка тадбирлари натижасида амалга оширилган. Террор режалари доирасида бир нечта муҳим объектлар — Боку-Тбилиси-Жейҳон нефть қувури, Исроил элчихонаси, яҳудий жамоаси раҳбарларидан бири ҳамда Ашкеназий синагогаси нишонга олиниши режалаштирилган.
Тергов маълумотларига кўра, портловчи моддалар Эрон фуқаролари томонидан маҳаллий шериклар ёрдамида мамлакатга яширин олиб кирилган. Бокунинг Сабоил туманидаги Шихов ҳудуди яқинидан 7,7 килограммдан ортиқ С-4 портловчи модда топилган. Шунингдек, Қарадоғ туманида масофадан бошқариладиган портловчи қурилма ҳам аниқланган.
Операция натижасида бир нечта гумонланувчилар қўлга олинган. Улардан тўрт нафари террорчилик режасида иштирок этгани учун олти ярим йилга озодликдан маҳрум этилган. Қолган шахслар эса суиқасд тайёрлаш ва ноқонуний қурол сақлаш каби айбловлар бўйича тергов остида.
Озарбайжон расмийлари бу операция ортида Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига алоқадор шахслар турганини билдирган. Улардан бири — полковник Али Асғар Бордбар Шерамий асосий ташкилотчилардан бири сифатида кўрсатилмоқда. Бир нечта эронликлар халқаро қидирувга берилган.
Бу хабар Эроннинг мамлакатга дронлар билан ҳужум уюштиргани ортидан янгради. Ҳужум оқибатида тўрт нафар тинч аҳоли жабрланиб, Нахичевон халқаро аэропорти ва яқин атрофдаги мактабга зарар етган. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев буни террорчилик ҳаракати деб баҳолаб, мамлакатга қарши ҳар қандай янги ҳужум “темир мушт” билан жавоб қайтарилишини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов Эрон томони 5 март куни Нахичевонга қилинган ҳужумни жиддий текширишга ваъда берганини айтган эди.
Live
Барчаси