Ўғирланган банкир, қотилликларга тўла Андижон, Бакуга борган Мирзиёев, яҳудийларга кўрсатилган ҳурмат – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Россия Озарбайжон муносабатлари инқирозга юз тутган бир пайтда Ўзбекистон Президенти Бакуга борди. Андижонда икки мудҳиш жиноят содир этилди. Сурхондарёдаги қотилликнинг қурбони эса 71 яшар онахон бўлди. “Anorbank” раҳбари Францияга ўғирлаб кетилди. Ҳафта давомида содир бўлган шу ва бошқа маҳаллий хабарлар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ’да Ҳафта воқеалари таҳлили.  

“Anorbank” раҳбари Францияда ўғирлаб кетилди

Ўзбекистондаги “Anorbank” раҳбари 48 ёшли Қаҳрамонжон Олимов Францияда ўғирлаб кетилди. Воқеа жорий йилнинг 23 июнь куни содир бўлган эса-да, унинг иси шу ҳафтага келиб чиқди.  

Гап шундаки, Олимов Париж шаҳрида ўғирлаб кетилган ва Ницца шаҳри яқинидаги бир ертўлада ушлаб турилган. Унинг озод қилиниши учун эса товон талаб қилинган. Белгиланган пул миқдорининг маълум қисми амалга оширилганидан сўнг, у қўйиб юборилган.  

Ўзбек банкири озод қилингач, дарҳол шифохонага мурожаат қилган. Тиббий текширувдан сўнг танасида кўплаб жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. 

Олимов 23 июнь куни Парижга бизнес учрашув учун борган бўлган. Шунингдек, ташриф давомида нотариусдан реал мулк сотиб олиш, Франциядаги ўзбекистонликлар билан учрашиш ва Sofitel Arc-de-Triomphe меҳмонхонасида тўққиз кеча қолишни режалаштирган.  

Учрашувдан сўнг Олимовни кимдир кузата бошлаган. У Париж кўчаларида ушланган ва махфий равишда Ницца яқинларидаги бир вилланинг ертўласида сақланиб, унга нисбатан жисмоний зўравонлик қўлланилган.  

Орадан кўп вақт ўтмай гумондорларнинг бири қўлга олинган, унга “гуруҳ бўлиб шахсни ўғирлаш” айби қўйилган. Қолганларини эса қидириш ишлари давом этмоқда.  

QALAMPIR.UZ ҳолат бўйича изоҳ олиш учун банк билан боғланди. “Anorbank” расмийси шундай ҳодиса рўй берганини тасдиқлади ва Олимов озодликка чиқиш учун ўз шахсий пулларини ишлатгани, банкка омонот қўйган мижозларнинг пулига зарар етмаганини билдирди.  

Олимовнинг ўзи ва банк ҳозирча ҳолат бўйича янада тўлиқроқ баёнот бергани йўқ, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот органлари орқали Франциядаги ҳамкорлар билан ушбу воқеа юзасидан қўшма ҳаракатлар олиб борилаётгани ё йўқлиги ҳақида ҳам аниқ  маълумотлар мавжуд эмас.  

Ўзбекистондаги банкдан 90 минг доллар ўғирланди

Банклардан узоқлашмаймиз. Қозоғистоннинг “Halyk Bank”ига тегишли бўлган Ўзбекистондаги “Tenge Bank” ҳисобидан 90 минг АҚШ доллари ўғирланди.  

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 18 июнь куни Яшнобод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи номига “Tenge Bank” чакана хизматлар кўрсатиш бўлими бошлиғи ариза билан мурожаат қилган.  

У ўз аризасида номаълум шахслар томонидан 90 минг доллар миқдорида пул маблағлари талон-торож қилингани ҳақида хабар қилган. Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида шу куннинг ўзида бир неча шахслар банк кассасига мижоз сифатида бориб, банк картасида мавжуд 90 минг долларни нақдлаштириш мақсадида посттерминалга ёлғон ахборот киритиш йўли билан пулларни олиб кетгани аниқланган. 

Зудлик билан тезкор-техник тадбирлар амалга оширилиб, ушбу хатти-ҳаракатларни содир этган жиноий гуруҳнинг барча аъзолари қўлга олинган.  

Ўтказилган тезкор тадбир давомида 12 дона телефон аппарати, посттерминал, 9 дона банк карталари, 1 млн 670 минг сўм ва 36 495 доллар ашёвий далил сифатида олинган. Жами 9 нафар шахс Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган. 

Андижонда инспектор пичоқлаб ўлдирилди

Тугаётган ҳафтанинг энг шов-шувли воқеаларидан бири Андижонда 65 ёшли фуқаро профилактика инспекторини пичоқлаб ўлдиргани бўлди. Гап шундаки, 1 июль куни  Андижон вилояти Хўжаобод туманида профилактика инспектори чақирув вақтида пичоқланди ва вафот этди. 

Инспекторга соат 20:50 ларда Хўжаобод тумани “Юксалиш” маҳалласидаги хонадонда жанжал бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Ҳудуд профилактика инспектори катта лейтенант Абдурасул Абдувалиев маҳалла раиси билан бирга воқеа жойига етиб борган. 

Маълум бўлишича, 65 ёшли фуқаро Юнусали Холбозоров маст ҳолда ўз оила аъзоларига хўжалик пичоғи билан таҳдид солаётган бўлган. Фуқарони зарарсизлантириш жараёнида Холбозоров қўлидаги пичоқ билан катта лейтенант Абдувалиевнинг кўкрак қисмига зарба бериб, қочиб кетган. 

Олган жароҳати оқибатида кўрсатилган ёрдамга қарамасдан Абдувалиев шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган. 

Ушбу ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Қилар ишни қилиб, қочиб қолган шахсни топиш эса узоққа чўзилмади. У маҳалла қабристонидаги маккапояга яширинган бўлиб чиқди ва орадан 3 кун ўтиб, 4 июль куни қўлга олинди. Бироқ, отахон ўзини ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари қўлига шунчаки топширишни истамади. Қўлга олиш жараёнида у ўзининг қорин қисмига пичоқ билан жароҳат етказган ҳамда биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага олиб борилган. 

Шунингдек, тугаётган ҳафтада Андижонда яна бир мудҳиш жиноят содир этилди. Андижон шаҳрида эркак жанжал оқибатида турмуш ўртоғини йўлнинг ўртасида қасддан ўлдириб кетди.  

Ижтимоий тармоқларда аёлнинг қонга беланган ҳолда йўлда ётган видеоси тарқалди.  

Ушбу қотлилликка қўл урган эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тадбирлар жараёнида эркак Андижон вилояти Олтинкўл тумани Кўмакай маҳалласи ҳудудида тунги хизматга жалб қилинган ходимлар томонидан аниқланиб, қўлга олинган. Ҳозирда у процессуал тартибда қамоққа олинган бўлиб, тергов-суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда. 

Шу ҳафта Сурхондарёдаги содир этилган даҳшатли қотилликнинг қурбони эса 71 ёшли момо бўлди. У 1 июль куни тонгда ўз уйида қотиллик аломатлари билан ўлик ҳолда топилди. Вилоятнинг Денов тумани “Буюк келажак” маҳалласида яшовчи 1954 йилда туғилган аёл бош қисмидан 4 марта пичоқланган.  

Гап шундаки, момонинг уйида у билан вақтинчалик яшаб келаётган невараси уни уйғотмоқчи бўлиб кирганида момоси жасади бош қисмида тан жароҳатлари билан топилган. 

Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, уни фош этиш чоралари кўрилмокда. Ҳозирда туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Бундай мудҳиш воқеаларни эшитиб кишида аниқ бир савол туғилади: бу ҳодисаларнинг сабаби тўқчиликми, йўқчиликми ё илмсизлик? Сизнингча, сабаб нима?  

Марказий банк кредит берувчи ташкилотларни огоҳлантирди

Йўқчилик, одамлар қўлидан пул қочиши ҳақида гап кетганда сўнгги йилларда оддий одамларнинг охирини ўйламай олган кредитлари кўпинча уларни бойлик томон эмас, балки янада қашшоқликка етаклаётганини айтиш ўринли. Кредит манбасини, қандай тўлашни ўйламай, оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним қабилида олинган кредитлар нафақат уни олганларни, балки берган банк ходимларини ҳам сарсон бўлишига олиб келмоқда. Бошқа томондан кредитларни ундиришнинг осон йўллари пайдо бўлган. Кредит олган ёки кредитга бирор буюм сотиб олган шахснинг банк карталарида пул кўрингудек бўлиши билан банклар қарздорликни сўндириш учун уларни ечиб олади. Кредит тўловчининг уйида рўзғори, нони, чойи, картошка-пиёзи бор-йўқлиги билан уларнинг иши йўқ. Марказий банк ҳам тугаётган ҳафтада айнан шу масалада кредит ташкилотларига мурожаат билан чиқди.  

Марказий банк фуқароларга давлат томонидан тўланадиган ижтимоий нафақаларни кредит бўйича қарздорликни сўндириш мақсадида акцептсиз усулда ечиб олинишини адолат тамойилларига зид ва инсофсиз амалиёт сифатида баҳолади.  

Қайд этилишича, Марказий банкка келаётган мурожаатларда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига давлат томонидан ажратилаётган нафақа ва моддий ёрдам маблағлари фуқароларнинг банк карталарига тушгандан сўнг, кредит ташкилотлари томонидан кредит бўйича қарздорликларни сўндириш учун автоматик тарзда ечиб олиниши ҳолатлари кузатилмоқда. 

Аҳолининг заиф қатламига тўланадиган ижтимоий нафақалар – кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси, ногиронлиги бўлган шахсларга нафақалар, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақалар ва шу каби бошқа моддий ёрдам пуллари давлат томонидан бериладиган ижтимоий ҳимоя маблағлари ҳисобланади. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 57-моддасига мувофиқ, давлат меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилади. 

Шунингдек, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддасида шартномага истеъмолчиларнинг қонунчиликда назарда тутилган ҳуқуқларини камситадиган, шунингдек уларга қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва афзалликларни бермаслик тақиқланиши белгилаб қўйилган. 

Шу муносабат билан, барча кредит ташкилотларига: 

  • ички тартиблар ва автоматик ундирув тизимларини қайта кўриб чиқиш орқали ижтимоий тўловларни акцептсиз равишда қарз тўловларига йўналтириш имконини чеклаш; 
  • бундай ҳолатлар бўйича фуқаролардан шикоят келиб тушган тақдирда, ундиришни тўхтатиши ва ечиб олинган маблағларни фуқарога қайтариб бериш чораларини кўриши лозимлиги эслатилган.  

Шу ўринда яна бир нарсани эслатиб ўтиш ўринли. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда кредит олиш, уни расмийлаштириш жуда осонлашди. Уни масофадан туриб, телефондаги дастурлар орқали амалга ошириш мумкин. Ҳатто, сизнинг шахсий маълумотларингиздан фойдаланган ҳолда, узоқдан туриб ҳам сизнинг номингизга, аммо умуман бошқа картага кредит олиш имкони мавжуд. Бу эса товламачи ва фирибгарлар учун анчайин қўл келмоқда. Мени ўзимга ҳам ўзини гўё Ички ишлар органлари ходими сифатида таништириб, шахсий маълумотларимни сўраб қўнғироқ қилганлар кўп бўлди. Маслаҳатим телефон орқали суҳбатлар ва интернетдаги дастурларда бошқаларга шахсий маълумотларингиз, жумладан, картангизга оид маълумотларни беришда эҳтиёт бўлинг.  

800 дан ортиқ одам автомобиль оламан деб чув тушди

Ўзбекистонликларнинг асосий орзу-ҳаваси ҳамон автомобиль ва етти маҳалла эшитадиган тўй бўлиб қоляптики, биргина автомобиль сотиб олиш учун қайта ва қайта чув тушса ҳам одамларнинг кўзи очилмаяпти.  

Тугаётган ҳафтада паст фоизда автомашина етказиб беришни ваъда қилиб, одамлар тўлаган пулларни ўзлаштириб юборган шахслар ушланди.  

Маълум қилинишича, бир гуруҳ фуқаролар 6-12 фоизда автомашина сотиб олиш ниятидаги фуқароларга исталган турдаги автомашинани етказиб бериши ҳақида ижтимоий тармоқларда тарғибот олиб борган. Шунингдек, ушбу фуқаролар Тошкент шаҳри ва Андижон, Наманган, Фарғона, Сирдарё, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Хоразм, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Нукус шаҳрида “Umid avto companies”, “Umid Savdo Fayz Invest”, “Umid Avto Lizing”, “Umid Auto”, “Group Of Companies Ual”, “Umid Avto-Tashkent”, “Orient Auto”, “Umid Lizing Tashkent”, “Orient Avto-Lizing”, “Umid Auto Leasing”, “Group Of Orient Auto”, “Imkon Auto Xizmati”, “Umid Avto Companies”, “Busines Orientauto”, “Umid Auto Xizmati”, “Orient Auto Hamkor”, “Imkon Avto Markaz”, “Avtovariant”, “Ava Orientauto”, “Ava Umidavto”, “Avto Ijara Hizmati”, “Umid Auto Business Tashkent”, “Ilgor Lizing” ва “Orient Finans Lizing” каби МЧЖларни ташкил этиб, мижозлар билан дастлаб бўнак (аванс) шартномаларини тузган ҳолда, 120 кун мобайнида автомашина етказилишини ваъда қилиб, шартнома шартларини бажармасдан, фуқаролардан келиб тушган маблағларни ўзлаштириш билан шуғулланиб келган. 

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а”,“в” бандлари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида 843 нафар фуқаро жабрланувчи деб топилган бўлиб, умумий 50,1 млрд сўм зарар аниқланган. Жамиятларга тегишли 339 дона транспорт воситалари хатланган. Ишга алоқадор 9 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. 

Ҳозирда Ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник Рамазон Ашрапов бошчилигида тегишли мутахассислар жалб этилган ҳолда махсус тезкор штаб тузилган бўлиб, ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти биносида ҳар куни соат 09:00 дан 21:00 га мурожаатлар қабул қилинмоқда.  

Хатирчи ҳокими Исроилдан келган яҳудийларга дастурхон ёзди

Ижтимоий тармоқларда Навоий вилояти Хатирчи тумани ҳокими Умиджон Адизовнинг хорижда истиқомат қилувчи Бухоро яҳудийларини иззат-икром билан кутиб олиб, уларга дастурхон ёзгани акс этган видео тарқалди ва катта муҳокамаларга, эътирозларга сабаб бўлди. Ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги матбуот хизмати муносабат билдирди. 

Унда айтилишича, Хатирчи туманига келган хорижлик яҳудийлар қачонлардир ўзлари, ота-боболари яшаб ўтган диёрнинг тарихий-маданий меросини ўрганиш, аждодлар қадамжоларини зиёрат қилиш, Ўзбекистон билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлашни мақсад қилган.  

“Туман ҳокимининг ушбу меҳмонларни кутиб олгани халқимизга хос меҳмондўстлик ва бағрикенгликнинг яққол ифодасидир”, дейилган ҳокимлик муносабатида. 

Тармоқларда сиздирилган видеода ҳоким Адизов улар учун эшиклар доимо очиқ экани, улар ҳаммавақт қадрланишини қайта-қайта таъкидлаган. Туман раҳбари туризм, иқтисодиёт сингари соҳаларда фаолият юритиш учун уларга кенг имкониятлар берилишини айтган. 

Мирзиёев Озарбайжонга борди

Озарбайжон-Россия муносабатлари боши берк кўчага кириб қолган бир пайтда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бакуга борди ва Президент Илҳом Алиев томонидан катта ҳурмат билан кутиб олинди. Мирзиёев мулоқотларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар тарихда ҳеч қачон бугунгидек юксак даражада бўлмаганини эътироф этди. Охирги вақтларда бундай эътироф одатда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник номидан АҚШ-Ўзбекистон муносабатларининг бугунги аҳволига нисбатан янграётган эди.  

Ташриф давомида Президентлар иштирокида Баку шаҳрида “Ўзбекистон” боғи қурилишига старт берилди ва Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси янги биноси очилди. 

Ўзбекистон Озарбайжоннинг Арманистон томонидан 30 йил давомида мустамлака қилиб келинган Қорабоғни қайтариб олишда қўллаб-қувватлаб келган саноқли давлатлар қаторида. Расмий Тошкент Қорабоғнинг қайтарилишини адолат тикланиши дея эътироф этади ва Қорабоғнинг тикланишига ўз ҳиссасини қўшиб келади. Қорабоғда Ўзбекистон номидан мактаб ҳам барпо этилган. Ислом Каримов даврида Баку билан муносабатлар ўта паст даражага тушиб қолган Тошкентда охирги йилларда алоқалар жадаллик билан ривожланмоқда. Мамлакатлар тўғридан тўғри ва Туркий давлатлар ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти каби тузилмалар доирасида ҳамкорликда жадаллаштирган. Қолаверса, Ўзбекистон Озарбайжон ташаббускори бўлган Ўрта йўлакни қўллаган ва ундан энг кўп манфаатдор томонлардан бири.  

Ўрта йўлак, яъни Транскаспий халқаро транспорт йўналиши номи билан ҳам танилган, анъанавий Шимолий ва Жанубий йўналишларни четлаб ўтиб, Осиё ва Европани боғловчи халқаро транспорт йўналишидир. Хитой, Қозоғистон, Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия ва Туркия орқали ўтади ва у ердан Европага ўтади. Ушбу йўлак орқали ташилаётган Ўзбекистон юклари ҳажми 25 фоизга – 1 миллион тоннадан зиёдга ошган.  

Ташриф доирасида Президент Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида иштирок этиш учун Хонкенди шаҳрига борди. У ерда давлат раҳбари биринчи марта Афғонистон муваққат ҳукумати Бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародарни қабул қилди. Бироқ, Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати томонидан тарқатилган хабарда Бародар Афғонистон муваққат ҳукумати эмас, балки Афғонистон ҳукумати Бош вазири ўринбосари сифатида қайд этилган.  

Савдо-иқтисодиёт, транспорт-логистика, энергетика соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинган. 

Ўзбекистон етакчиси чегараолди савдо ва тегишли инфратузилмани янада ривожлантириш, қазиб чиқариш, тўқимачилик ва фармацевтика тармоқларида, қурилиш материаллари тармоқларида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш муҳимлигини таъкидланди. 

Стратегик муҳим минтақавий лойиҳа – Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди. 

Мирзиёев Алиев ҳамроҳлигида Ағдам шаҳридаги “Иморат” тарихий-меъморий мажмуасига борди. Меҳмонлар орасида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Туркиядан бошқа ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси Президенти Эрсин Татар ҳам бор эди. Шимолий Кипр Турк Республикаси ҳеч бир мамлакат томонидан тан олинмаган бўлса-да Туркий давлатлар ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотида кузатувчи мақомига эга. 

3-4 апрель кунлари Самарқандда бўлиб ўтган Марказий Осиё-Европа Иттифоқи биринчи саммитида Марказий Осиё давлатлари Президентлари Европа Иттифоқи билан имзоланган декларацияда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 541(1983) ва 550(1984)-сонли резолюцияларини тасдиқлаб, Шимолий Кипр Турк Республикасини тан олмаслик ва у билан ҳар қандай шаклда ҳамкорлик қилмасликларини тасдиқладилар. Бу эса Туркияда катта резонансни келтириб чиқарди. Шимолий Кипр Турк Республикасини доимий равишда қўллаб келадиган ва Туркий давлатлар ташкилоти ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотида кузатувчи мақомини олишида асосий ташаббускор бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Марказий Осиё давлатларининг бу қарорига муносабат билдирмади. Шимолий Кипр Турк Республикаси Президенти Эрсин Татар эса Марказий Осиё давлатлари халқаро тузилмалар ва давлатлар билан муносабатларда ўз манфаатларидан келиб чиқиб қарор қабул қилишларини тўғри тушунишини, аммо юнонлар билан муносабатларда эҳтиёт бўлишлари кераклигини айтиб чиқди. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев эса Шимолий Кипр Турк Республикасининг нафақат қардош давлатларда, балки бутун дунёда тан олинишига ҳисса қўшмоқчилигини билдирди. Шу маънода Шимолий Кипр Турк Республикаси президентининг Хонкендида ўтказилган маданий тадбирда Марказий Осиёнинг икки давлати – Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари қаторидан жой олиши ва Қорабоғ тулпорлари иштирокидаги "Зафар" номли маданий дастурда Шимолий Кипр Турк Республикасининг ҳам байроғи кўтариб чиқилиши Алиевнинг ваъдаси томон босган илк қадами бўлди.  

Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга ташрифи ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида илгари сурган таклифлар хусусида алоҳида дастур тайёрланган.  


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Сурхондарё Грузия Франция Туркия Европа Ўзбекистон Бухоро Озарбайжон Илҳом Алиев Париж Андижон Ражаб Тойиб Эрдўған Баку Арманистон Мирзиёев Қорабоғ Ағдам Anorbank Шимолий Кипр Турк Республикаси Эрсин Татар Қаҳрамонжон Олимов Умиджон Адизов Трансафғон Марказий Осиё-Европа Иттифоқи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг