Озарбайжон Арманистоннинг қанча ҳарбий техникаси йўқ қилинганини очиқлади
Жамият
−
03 Октябрь 2020
20221Озарбайжон ва Арманистон ўртасида Тоғли Қорабоғдаги қарама-қаршилик чизиғидаги тўқнашувлар бир ҳафтадирк тинмаяпти. Озарбайжон Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, ўтган вақт ичида мамлакат ҳарбийлари янги таянч нуқталарни эгаллаб, ҳудудни душмандан тозалаган.
Ҳарбий ҳаракатлар вақтида қарши томоннинг салмоқли аскарлари, ҳарбий ва бошқа техникалари йўқ қилинган.
Арманистоннинг 27 сентябрь соат 20:00 дан 2 октябргача жами йўқотишлари:
• 230 та танк ва бошқа зирҳли техника;
• 250 та артиллерия қурилмаси, реактив тизим ва миномётлар;
• 38 та ҳаво ҳужумидан мудофаа мажмуалари;
• 10 та қўмондонлик бошқаруви ва кузатув пункти;
• 7 та қурол-яроғ омбори;
• 130 дан ортиқ автомобил;
• 1 та С-300 зенит-ракета мажмуаси.
Аввалроқ, Арманистон Қорабоғда тинчлик ўрнатиш учун ўз шартини илгари сурганди. Мамлакат Бош вазири Никол Пашинян ярашиш учун Туркия ўзининг ёлланма аскарларини ва ҳарбий мутахассисларини Қорабоғдан олиб чиқиб кетиши кераклигини талаб қилган.
Маълумот учун, расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. Унда мингга яқин ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.
LiveБарчаси