Ойни эгаллаш пойгаси: Япония ҳам космик кема учирди
Олам
−
07 Сентябрь 2023
4974Япония бугун 7 сентябрь куни H-IIA ракетаси ёрдамида Ойни тадқиқ қилишга мўлжалланган кемасини космосга учирди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
Ўтган ойда кузатилган ноқулай об-ҳаво сабабли аввалроқ режалаштирилган ушбу парвоз бир ҳафта ичида уч марта кечиктирилди. Ваниҳоят бугун кема ердан муваффақиятли кўтарилди. Япония аэрокосмик тадқиқотлар агентлиги (ЯАТА) ракета режалаштирилганидек Япония жанубидаги Танегасима космик марказидан ҳавога кўтарилганини ва кемани очиқ коинотга муваффақиятли чиқариб юборганини маълум қилди.
"Ой снайпери" номини олган ушбу кема миссияси учун Япония 100 миллион АҚШ доллари сарфлаган.
Маълумот учун, ўтган йили Япониянинг Ойга қўнишга уринишлари икки марта муваффақиятсиз тугади. Jaha Omotenashi ровери билан алоқани йўқотди, Ispace стартапи томонидан ишлаб чиқарилган Hakuto-R Mission 1 қурилмаси эса апрель ойида Ой юзасига қўниш вақтида қулаб тушди.
Эслатиб ўтамиз,14 июль куни Ҳиндистон космик агентлиги Ойга “Chaandrayan-3” ракетасини учирди. Бу орқали мамлакат СССР, АҚШ ва Хитойдан кейин Ойга космик кемани муваффақиятли қўндирган дунёдаги тўртинчи давлат бўлди. 28 августда эса ровер Ойнинг жанубий қутби ҳақидаги биринчи илмий маълумотларни Ерга жўнатди. Бу орқали у космик кемалар пойгасида Россияни ортда қолдирди. Россия кучлироқ ракетага эга бўлса-да, Luna-25 роверининг қулаши сабабли Ҳиндистон биринчиликни илиб кетди.