Ҳиндистон Қуёшга кема учирди
Технология
−
02 Сентябрь 2023
9649Ҳиндистон космик агентлиги ойга уюштирилган муваффақиятли парвоздан сўнг ўзининг навбатдаги космик кемасини бугун, 2 сентябрда Қуёшга учирди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
Кеманинг илк парвози Ҳиндистон космик тадқиқотлар ташкилоти (ISRO) нинг веб-саҳифасида жонли эфирда узатилди. Видеони 860 мингдан ортиқ одам томоша қилди, минглаб одамлар эса зонднинг кўтарилишини кўриш учун учириш жойи яқинига йиғилди. Кейинчалик мамлакат космик агентлиги Х ижтимоий медиа платформасида сунъий йўлдош орбитада эканини маълум қилди.
"Бу бизга қуёшни, унинг динамикасини, замонавий технологиялар учун муҳим элемент бўлган ички гелиосферани, шунингдек, космик-об-ҳаво жиҳатларини тушунишга имкон беради", деди миссия бош мутахассиси Санкар Субраманиан.
Ҳиндча қуёш номи билан аталган Адитя-Л1 кемаси Ердан 150 млн км узоқликда жойлашади. У тўрт ой давомида 1,5 млн км масофани босиб ўтишга мўлжалланган.
Кеманинг баъзи таркибий қисмларини ишлаб чиқишда иштирок этган Сомак Райчаудҳурининг фикрича, миссия илм-фан нуқтаи назаридан “катта портлаш” қилиши мумкин.
Маълумот учун, бундан аввал учирилган Chaandrayan-3 кемаси Ҳиндистонни ойнинг жанубий қутбига ракетасини қўндирган биринчи давлатга айлантирди. Бу орқали у космик кемалар пойгасида Россияни ортда қолдирди. Россия кучлироқ ракетага эга бўлса-да, Luna-25 роверининг қулаши сабабли Ҳиндистон биринчиликни илиб кетди.
Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистон космик тадқиқотлар ташкилоти (ISRO) Қуёш устида тадқиқот ўтказиш ва унга кема учириш режасини яқиндагина эълон қилган эди.
LiveБарчаси