Ойда ғор топилди
Бу қизиқ
−
16 Июль
22013Олимлар томонидан тарихда биринчи марта Ойда ғор топилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, бу ғор назарий жиҳатдан Ернинг сунъий йўлдошида яшаш учун қулай база ўрнатишда ажойиб имконият бўлиши мумкин. Радар ёрдамида аниқланган ушбу ғорнинг чуқурлиги камида 100 метрни ташкил қилади. Бироқ, тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бу ғор Ойнинг ҳали ўрганилмаган ерости дунёсида яширинган юзлаб шунга ўхшаш ғорлардан бири.
Италиянинг Тренто университети олимлари Лорензо Бруззоне ва Леонард Каррер ғорни Ойнинг “Тинчлик денгизи” деб номланган машҳур ҳудуди тасвирларини ўрганаётганда топди. “Тинчлик денгизи”ни Ердан кўриш мумкин ва айнан ўша ерда “Аполлон-11” миссиясининг америкалик астронавтлари 1969 йилда тарихда биринчи марта қўнишни амалга оширган.
Ғорга кириш Ой юзасида жойлашган бўлиб, унинг остида вертикал деворлар ва қия ички макон мавжуд. Олимларнинг фикрига кўра, ғор миллионлаб ёки ҳатто миллиардлаб йиллар олдин, иссиқ лава Ойда ҳаракатланаётганда пайдо бўлган ёки у тошларда шундай туннель ясаган бўлиши мумкин.
“Ердаги энг яқин шунга ўхшаш ҳодисани Испаниянинг Лансароте оролидаги вулқон ғорлари билан ўхшаш, деб ҳисоблаяпмиз”, деган профессор Каррер.
Унинг қўшимча қилишича, италиялик олимлар тадқиқот давомида оролга ташриф буюрган. Тахминан 50 йил олдин Ойда ғорлар мавжудлиги ҳақида илк тасаввурлар пайдо бўлган. Аммо фақат 2010 йилда NASA Ой орбитасига Lunar Reconnaissance Orbiter деб номланган қурилмани жўнатган. У радар ёрдамида ғорларга кириш жойлари манзилларини ўрганган. Олинган тасвирларни таҳлил қилиш натижасида эса ҳозирги кашфиёт амалга оширилди.
Британиялик аёл космонавт Хелен Шармен одамлар ғорда яқин 20-30 йил ичида яшаши мумкинлигини айтган.
“Бироқ, бу ғор жуда чуқур бўлганлиги сабабли, космонавтларга ҳаракат қилиш учун лифт ёки самолёт керак бўлади”, дейди Шармен.
Олимлар Oй ғорининг топилиши уларга Ердан анча узоқроқда жойлашган бошқа космик объект – Марсни ўрганишга ёрдам беради, деб умид қилмоқда. Агар Марсда ҳам худди шундай ғорлар топилса, бу “қизил сайёра”да ҳаёт излаш учун янги имкониятлар очиши мумкин.
LiveБарчаси