Оғуфуруш хавфли рецидивист деб топилди. У жазони махсус калонияда ўтайди
Жамият
−
20 Февраль 2019
13635Бухоро вилояти Когон шаҳрида яшовчи Мансур Мухторов (исми-шарифи ўзгартирилган) 1999 йилда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 246-модда 2-қисми ва 272-модда 2-қисми билан (гиёҳвандлик воситалари контрабандаси ва уларни кўп миқдорда ўтказиш) жиноятлари учун 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, 2003 йил охирида амнистия асосида жазодан озод этилган эди. Шундай бўлса-да, қонуннинг кечиримлилик тамойилидан хулоса чиқармади. Меҳнат қилмасдан, оғуфурушлик орқасидан текин бойлик орттиришга ўрганган кўнгли уни яна жиноятга ундади.
Мухторов 2005 йил 10 август куни илгари у билан бир муассада жазони ўтаган Баҳодир Дамировга (исми-шарифи ўзгартирилган) яшаш хонадонида соф вазни 0,3 грамга тенг бўлган кўп миқдордаги “героин” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сотади.
Ачинарлиси, Мансур Мухторов ушбу жиноятга ўзининг вояга етмаган фарзанди Бобурни ҳам жалб этади.
Бундан ташқари, Мухторов жиноий ҳаракатларини давом эттириб,
2005 йил 11 август куни соат 05:30 ларда яшаш уйида вояга етмаган ўғли Бобурни яна бир бор жиноят содир қилишга жалб этган ҳолда, олдиндан тил бириктириб, Баҳодир Дамировга вазни 1,6 грамга тенг бўлган кўп миқдордаги “героин” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сотади.
Бироқ, ушбу кун ўтказилаётган тезкор тадбирни сезиб қолган Мухторов номаълум томонга яширинади.
2005 йил 11 август куни Мухторовнинг яшаш хонадонида ўтказилган тинтувда хонадаги гилам остидан илгари сотганидан қолган соф вазни 0,05 грамга тенг бўлган кўп миқдордаги “героин” гиёҳвандлик воситасини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда сақлаб келаётгани аниқланади.
Шундан сўнг 2005 йил 10 октябрь куни Мансур Мухторовга нисбатан қидирув эълон қилиниб, сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланади, фақатгина 2018 йил 26 апрель кунига келиб у Россия Федерацияси ҳудудида ушланиб, хибсда сақлаб турилади ва 2018 йил 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасига келтирилиб, Бухоро шаҳар 4-сонли тергов хибсхонасига жойлаштирилади.
Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар судининг 2019 йил 19 январдаги ҳукмига асосан Мансур Мухторов Жиноят кодекси 127-модда 3-қисми ва
273-модда 5-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилиб, Жиноят кодекси 59-моддаси тартибида 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Суд, жазо тури ва миқдорини белгилашда, судланувчининг шахси, ёши, оилавий шароити, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, гиёҳвандлик воситасининг тури ва миқдори, жиноят содир этгунга қадар ва ундан кейинги хулқ-атвори, суддаги ўзининг ҳатти-ҳаракатига нисбатан салбий баҳо бериш кўринишидаги ҳолати, жиноят содир этилганидан кейин ўн уч йилдан ортиқ муддат ўтганлиги ҳамда жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи барча ҳолатларни инобатга олди.
Шу билан бирга, Мансур Мухторов Жиноят кодекси 34-модда 3-қисми “а” бандига асосан ўта хавфли рецидивист деб топилиб, жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Зариф Шеров,
Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар суди раиси
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь