ОТМларга ҳужжат топширишда янги рекорд ўрнатилди
Жамият
−
11 Июль 2019
10491Хабарингиз бор, шу кунларда Ўзбекистон бўйлаб олий таълим муассасаларига абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш жараёни кечмоқда. Кеча, 10 июль куни абитуриентлар орасида ёш бўйича рекорд янгиланди. Сурхондарё вилоятида ҳозиргача ҳужжат топширганлар орасида энг ёши кекса абитуриент рўйхатга олинди.
Маълумот учун, бу йил Давлат тест маркази томонидан ҳужжатларни қабул қилиш жараёнига кўпгина ўзгартиришлар киритилган. Шулардан яна бири ОТМларга ҳужжатларни қабул қилишда ёшга доир чекловларнинг амал қилмаслиги бўлди.
Шу боисдан Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалига Сурхондарё вилояти, Ангор тумани, “Улуғбек” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи, 1941 йил 13 апрелда таваллуд топган фуқаро Маматқул Бердиалиев ҳужжат топширди. Бу ҳақда ЎзА нашри хабар тарқатди.
Маматқул бобо ҳали бардам эканлигини таъкидлар экан, биринчи йўналиш сифатида “Мевачилик ва узумчилик таълим йўналиши”ни, иккинчиси “Сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик”, учинчи эса “Иссиқхона хўжалигини ташкил этиш ва юритиш йўналишлари”ни танлашини айтиб ўтди. Маматқул Бердиалиев олий маълумотга эга бўлиб, узоқ йиллар халқимизга хизмат қилиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ўз ҳиссасини қўшиш ниятида.
Бундан аввал, 72 ёшли абитуриент Фарғона давлат университетининг кундузги бўлимида ўқиш учун ҳужжат топширгани ҳақида хабар берган эдик. У 1947 йил 10 январда туғилган ва Қува туманида истиқомат қилади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан маълум қилишларича, жорий йилда республика Олий таълим муассасаларига абитуриент сифатида рўйхатга олинаётган 50 ёшдан ошган фуқаролар сони кўпчиликни ташкил этмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистонда ОТМларга ҳужжат топшириш муддати 15 июль куни якунланади. Кеча ДТМнинг ҳужжат қабул қилишдаги онлайн тизимида келиб чиққан носозликлар сабабли айрим университетлар қабул жараёнида узундан-узун навбатлар юзага келаётгани ҳақида хабар қилган эдик.
LiveБарчаси