Отабеков ўзбекистонликларни коронавируснинг иккинчи тўлқинидан огоҳлантирди
Жамият
−
12 Май 2020
26171Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг иккинчи тўлқини юз бериши мумкин. Жойларда карантин чораларини номигагина бажариш шундан жиддий оқибатга олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков маълум қилди.
Бош инспектор супермаркет ва бозорларга кириш жойидаги термометрлар натижасининг статистикаси йиғиш, жамлаш, юқори ташкилотларга узатиш, туман, шаҳар, вилоятлар ва республика даражасида шакллантириш ҳамда таҳлил қилиш жуда мушкул жараён эканини таъкидлади.
“Ҳарорати кўтарилган шахсларнинг нечтаси шифохонага борганлигини суриштириш ва аниқлашнинг имконияти ҳам йўқ.
Асосий мақсад — тана ҳарорати кўтарилганларнинг сонини санаш эмас, балки уларни касаллик манбаи сифатида бошқалардан алоҳидалаш, бир пайтнинг ўзида кўпроқ одамлар билан мулоқотда бўлишига йўл қўймасликдир.
Афсуски, айрим жойларда бу ишлар номигагина қилиняпти, ҳарорати паст ёки баланд эканлигига қаралмаяпти. Бунинг эса охири вой бўлиши мумкин. Коронавирусдан қутулдик, деган давлатларда, касаллик эпидемик авжининг янги тўлқини пайдо бўлаётгани ҳаммамизнинг кўзимизни очиши керак”, деди Отабеков.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Ҳозиргача коронавирус юқтирганлар сони 2509 нафарга етди. Бугунгача беморларнинг 1982 нафари соғайган ва 10 нафари вафот этган.
LiveБарчаси