Бугуннинг ўзида коронавирусдан соғайганлар 100 нафардан ошди
Жамият
−
11 Май 2020
10522Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида 36 нафар бемор коронавирусдан буткул соғайди. Бу ҳақда бугун, 11 май куни соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
"Бугун Тошкент шаҳридаги даволаш муассасаларида 36 нафар ҳамда Сирдарё вилоятида 1 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайди ва реабилитацияга кузатилди", дейилади хабарда.
Таъкидланишича, пойтахтда соғайганларнинг 26 нафари Тошкент шаҳридан, 4 нафари Фарғона вилоятидан, Наманган ва Тошкент вилоятларидан 2 нафардан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Жиззах вилоятларидан 1 нафардан. Улардан 26 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. 7 нафари Россиядан, 3 нафари эса Қозоғистондан келган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси аниқлангач, шифохонага ётқизилган. Беморлардан 28 нафари эркак, 8 нафари аёл. Улар орасида энг ёши каттаси 61 ёшда бўлса, энг ёши 2019 йилда туғилган. Тошкент шаҳрида шу пайтга қадар 575 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 611 нафарга етди.
Сирдарё вилоятида тузалган 40 ёшли эркак Янгиер шаҳридан бўлиб, Россиядан келган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси аниқлангач, шифохонага ётқизилган. Вилоятда шу пайтга қадар 13 нафар бемор тузалган бўлса, эндиликда улар 14 нафарга етди.
Шундай қилиб, бугун айни пайтга қадар 101 нафар бемор тузалиб, мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 1982 нафарни ташкил этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Ҳозирда коронавирус аниқланганлар сони 2482 нафарга етди. Бугунгача беморларнинг 10 нафари вафот этган.
LiveБарчаси