Отабек Умаров Россияда содир бўлган терактни кескин қоралади
Жамият
−
24 Март
19232Президент хавфсизлик хизмати бошлиғининг ўринбосари, Президент Шавкат Мирзиёевнинг куёви Отабек Умаров ҳам “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида юз берган террорчилик ҳаракатларига ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ўз муносабатини билдирди.
“Крокус Сити Ҳолл” концерт залида содир этилган ваҳший террорчилик ҳаракати оқибатида Россия халқига, ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамда жабрланганларга чуқур таъзия изҳор этаман”, деб ёзган у.
Сўзида давом этар экан, Умаров зўравонлик ва терроризмнинг ҳар қандай кўринишини, яъни бу шафқатсиз жиноятни кескин қоралаши ва террорнинг ҳар қандай кўринишини бутунлай рад этишини билдирган.
“Шафқатсизлик ва инсоният моҳиятига қарши жиноятларга тўла бундай хатти-ҳаракатларга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди ва бутун дунё ҳамжамиятининг сўзсиз қоралашига лойиқдир. Биз ушбу фожиадан жабрланган барчага чуқур ҳамдардлик ва қўллаб-қувватлашимизни изҳор қиламиз. Биз сиз учун ибодат қиламиз ва Қудратли Раббий сизга ушбу қийин синовни енгиш учун куч беришини чин дилдан умид қиламиз ”, дея сўзни якунлаган захирадаги полковник.
Эслатиб ўтамиз, 22 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев россиялик мавқедоши Владимир Путинга таъзия хати йўллаган эди. Ўзбекистон ТИВ Москвада содир этилган терактни қоралади. Кеча, 23 мартда Шавкат Мирзиёев Путинга қўнғироқ қилиб, яна бир бор чуқур ҳамдардлик билдирди. Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Москвада содир этилган теракт муносабати билан Россия Федерал Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко ва Давлат Думаси Раиси Вячеслав Володинга таъзия мактубини йўллади.