Танзила Норбоева ҳам Россияга ҳамдардлик билдирди
Жамият
−
23 Март
4045Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Москвада содир этилган теракт муносабати билан Россия Федерал Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко ва Давлат Думаси Раиси Вячеслав Володинга таъзия мактубини йўллади. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Норбоева таъзияномада “Крокус Сити Ҳолл" концерт залида юз берган террорчилик хуружи оқибатида кўплаб бегуноҳ инсонларнинг ҳаётдан кўз юмгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Олий Мажлис Сенати ва шахсан ўзи номидан Россия ҳукумати ва марҳумларнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирган.
"Биз тинч аҳоли вакилларига қаратилган ҳар қандай ҳужумни кескин қоралаймиз. Барча жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилаймиз”, дейилган мактубда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев россиялик мавқедоши Владимир Путинга таъзия хати йўллаган эди. Ўзбекистон ТИВ Москвада содир этилган терактни қоралади. Бугун, 23 мартда Шавкат Мирзиёев Путинга қунғироқ қилиб, яна бир бор чуқур ҳамдардлик билдирди.