Остонада Сурия бўйича навбатдаги музокаралар бошланди
Олам
−
11 Ноябрь
1784Бугун, 11 ноябрь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Суриядаги можарони ҳал қилиш бўйича 22-музокаралар босқичи бошланди. Бу ҳақда “Kazakhstan Today” хабар берди.
Қайд этилишича, икки кун давом этадиган тадбирда Остонадаги жараённинг кафолатчи давлатлари сифатида Россия, Туркия ва Эрон делегациялари, шунингдек, Сурия ҳукуматидан ва мухолифатидан вакиллар иштирок этади. БМТ, Иордания, Ливан ва Ироқ вакиллари кузатувчи сифатида қатнашиши кутилмоқда.
Учрашув кун тартибидан қуйидаги масалалар ўрин олган:
- Сурия атрофидаги минтақавий вазиятнинг ривожланиши;
- мамлакатдаги вазиятни кенг қамровли ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатлар;
- Суриянинг “ер усти”даги вазияти;
- ишонч чораларини кучайтириш, шу жумладан, гаровдагиларни озод қилиш ва бедарак йўқолганларни қидириш;
- гуманитар вазият ва можародан кейинги тикланишни қўллаб-қувватлаш ҳамда суриялик қочқинларни ватанига қайтариш учун шароит яратиш бўйича халқаро ҳамжамият кучларини сафарбар қилиш.
Маълумот учун, Остонада Сурия бўйича халқаро учрашувлар 2017 йилдан бери ўтказиб келинмоқда. Хусусан, 2023 йил 21 июнь куни Остонада 20-давра учрашуви бўлиб ўтган ва ўша вақтда Қозоғистон бундай учрашувларни ўтказиш бўйича қўйилган вазифани бажаришини эълон қилган. Шундан сўнг, жорий йил 24-25 январь кунлари 21-учрашув ўтказилган ва унда кафолатчи давлатлар Суриянинг суверенитети, мустақиллиги, бирлиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини қайд этган.