Остон Ўрунов Ўзбекистон чемпионатига қайтиши мумкин
Спорт
−
27 Октябрь 2022
2534Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Россиянинг “Урал” клубининг собиқ футболчиси Остон Ўрунов фаолиятини Наманганнинг “Навбаҳор” жамоасида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда “Metaratings” нашри хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Остон Ўзбекистон чемпионатининг якунланишига 3 та тур қолгани сабабли қарор қабул қилишга иккиланмоқда. Агар “Навбаҳор” чемпионат якунига кўра, Осиё чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритса, Ўрунов клуб таклифига рози бўлади. Ҳозирда, Остон Ўзбекистонда мавсум якунланишини кутмоқда.
22 ёшли футболчи Кореянинг “Жонбук Моторс” клубига ҳам ўтиши мумкин эди. Бироқ корейс клуби эътиборини бошқа футболчига қаратган.
Айни дамда “Навбаҳор” Ўзбекистон чемпионатида учинчи ўринни эгаллаб турибди. Турнирда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар тўғридан-тўғри Осиё чемпионлар лигасига йўлланма олади. 3 ва 4-поғона эгалари саралаш босқичида иштирок этади.
Аввалроқ, Остон Ўрунов “Урал” сафини тарк этгани тўғрисида хабар бергандик. Кейинроқ, Остон рус клубининг бош мураббийи билан ўрталаридаги келишмовчилик сабабли кетганлиги маълум бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 22 ёшли ярим ҳимоячи сентябрь ойи охирида уйланган эди.
Маълумот учун, Остон Ўрунов Тошкентнинг "Пахтакор" клубининг тарбияланувчиси ҳисобланади. У Россияда "Спартак", "Уфа" ва "Урал" клубларида ўйнаган. “Тransfermarkt” портали ўзбекистонлик футболчини 700 минг еврога баҳоламоқда.