Остин Яманга берилган зарбаларни шифохонадан туриб назорат қилди – CNN
Олам
−
12 Январь
4582Пентагон раҳбари Ллойд Остин Ямандаги ҳусийларнинг объектларига берилган зарбаларни шифохонадан назорат қилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги расмийсига таяниб, CNN хабар берди.
"Бугун Остин CENTCOM’га (АҚШ Марказий қўмондонлиги) зарбалар беришни буюрди ва уларни реал вақт режимида кузатиб борди", дейди расмий.
Унга кўра, Пентагон раҳбари 9 январдан 11 январгача АҚШ Президенти Жо Байден билан икки марта гаплашган. Остин сўнгги 72 соат ичида зарбаларни кузатиш ва бошқаришда фаол иштирок этган.
Маълумот учун, бугун, 12 январга ўтар кечаси АҚШ ва Британия кучлари самолётлар, кемалар ва сувости кемалари ёрдамида Яманнинг Сана, Саада, Ҳодейда, Таиз ва Дамар каби бир қанча шаҳарларида ҳусийларнинг нишонларига зарба берди. АҚШ Президенти Жо Байденнинг айтишича, Ямандаги зарба Қизил денгиздаги “мисли кўрилмаган ҳусий ҳужумлари”га жавоб бўлган ва мудофаа характерига эга. Америка маъмурияти ракеталар, учувчисиз ҳаво воситалари ва ҳусий радар станциялари жойлашган жойларга ҳужум қилинганини билдирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 1 январь оқшомида Пентагон раҳбари Валтер Рид (Мэриленд штати) Миллий тиббиёт марказига ётқизилганди. 9 январь куни эълон қилинган тиббиёт маркази баёнотида айтилишича, мутахассислар Мудофаа вазирига 2023 йил декабрида простата саратони ташхисини қўйган ва у 1 январь куни операция қилинган. Мутахассислар Остиннинг тўлиқ тикланишини кутишини, аммо бу узоқ жараён бўлиши мумкинлигини таъкидлади. АҚШ Конгресси аъзолари Остиндан Пентагон нега унинг шифохонага ётқизилгани ҳақида жамоатчилик ва расмийларни зудлик билан хабардор қилмаганини тушунтиришни талаб қилган. Мудофаа вазирлиги Остиннинг қаерда эканлиги ҳақидаги маълумотни уч кун давомида Оқ уйдан сир сақлаган. 9 январь куни Вакиллар палатасининг Қуролли кучлар қўмитаси Мудофаа вазирининг шифохонага ётқизилиши билан боғлиқ ҳолатларни текширишни бошлади.
LiveБарчаси