Ҳусийлар дунёдаги энг йирик нефть компанияси қароргоҳига зарба берди
World
−
13:49 1412 2 minutes
Кеча, 13 октябрь куни Яман ҳусийлари томонидан амалга оширилган ракета ҳужуми оқибатида Саудия Арабистони давлат нефть компанияси – Saudi Aramco’нинг Даҳрон шаҳридаги қароргоҳига зарар етди. Бу ҳақда Саудия Арабистони Энергетика вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, бинода “кичик ёнғин” юзага келган, аммо ҳеч ким жароҳат олмаган. “Financial Times” нашрининг қайд этишича, бу бинода Saudi Aramco’нинг “асаб маркази” деб аталувчи нефть етказиб бериш ва режалаштириш бўлими, шунингдек, компания раҳбарияти офислари, молия ва ҳуқуқ бўлимлари жойлашган.
Қайд этиш жоиз, Эрон томонидан молиявий ва қурол-яроғ билан қўллаб-қувватланадиган яманлик ҳусийлар Саудия Арабистонининг нефть инфратузилмасига зарба беришга ҳаракат қилмоқда, хусусан, нефтни қайта ишлаш заводига (НҚИЗ) зарар етказяпти. Уларнинг операциялари кенгаймоқда – сўнгги кунларда улар бир қатор ҳужумларни, жумладан, мамлакат аэропортларига, жумладан, Ар-Риёддаги аэропортга ҳам зарбалар берди. Оқибатда камида 18 киши ҳалок бўлди ва юзлаб одамлар жароҳат олди. Шу сабабли ExxonMobil, TotalEnergies, Shell, Chevron ва BP бош директорлари жорий йилнинг 12 октябрь куни пойтахтда очилган энергетика анжуманига бормаган.
Ҳусийлар ўзларининг ракета ва дронлар арсеналини ошириб бормоқда. “Conflict Armament Research” ташкилоти ҳисоботига таяниб “The Wall Street Journal” нашрининг ёзишича, улар ҳатто Эрон ёрдамисиз Хитойдан келтирилган компонентлардан фойдаланган ҳолда замонавий ўрта масофали баллистик ракеталарни ишлаб чиқаришни бошлаган. Бундай технологик ютуқ Яманнинг ғарбий қисмини, жумладан, мамлакат пойтахтини ва Боб ал-Мандоб бўғози (кемалар Қизил денгизга кирадиган ва ундан чиқадиган йўл) орқали ўтиш жойини назорат қилувчи ушбу гуруҳдан келаётган хавфни кескин оширади.
Низо ҳудудларида иш олиб борувчи ва қурол-яроғдан фойдаланиш ҳамда уларни етказиб бериш занжирлари ҳақида ҳисоботлар нашр этувчи “Conflict Armament Research” тадқиқотига кўра, ҳусийлар Хитой етказиб берувчисидан юқори аниқликда нишонга олувчи Эроннинг Kheibar Shekan ракетасининг янада кучлироқ версиясини ясаш учун зарур бўлган бир қатор компонентларни олган.
Бу ракетанинг ўзи Эрон арсеналидаги энг самарали ракета ҳисобланади. Баҳорда АҚШ билан уруш пайтида Эрон Kheibar Shekan ракеталарини минтақадаги Америка базаларига қарши муайян муваффақият билан қўллаган. Ҳусийларнинг ракетаси эса тахминан 2000 км гача учиш масофасига эга бўлади, яъни у Саудия Арабистони ва Исроил ҳудудидаги барча объектларга етиб бора олади.
Live
All