Эрдўған Ар-Риёддаги аэропортга қилинган ҳужумни кескин қоралади

World

−

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳусийларнинг Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги Подшоҳ Холид халқаро аэропортига ҳужумини кескин қоралаб, Саудия Арабистонини қўллаб-қувватлашини билдирди. Бу ҳақда Туркия раҳбари Анқарадаги президентлик мажмуасида бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан кейин маълум қилди.

Эрдўған жорий йилнинг 10 октябрь куни Ар-Риёддаги халқаро аэропортга ҳусийлар томонидан уюштирилган ҳужумни қоралаб:

“Ҳалок бўлган биродарларимиз, жумладан, умра зиёратини адо этаётганлар учун Аллоҳдан раҳмат сўраймиз, ярадорларга эса тезроқ соғайиб кетишларини тилаймиз. Туркия ушбу ноқонуний ва ғайриинсоний ҳужумлар қаршисида Саудия Арабистони ва саудиялик биродарларимиз томонида туради”, деган.

Шунингдек, Эрдўған минтақада Ливандан Яман ва Эронгача бўлган ҳудудда кескинлик ортиб бораётганини қайд этган. Унинг билдиришича, айрим кучлар ўз манфаатларини воситачи кучлар орқали илгари суришга уринмоқда. Туркия эса низоларни жанг майдонида эмас, балки музокаралар ва дипломатия орқали ҳал қилиш тарафдори.

“Суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ўзаро ҳурмат қилиш бизнинг асосий тамойилимиздир. Бизнинг фикримизча, бўлиниш ва парокандалик минтақамизни қон денгизига айлантиришга уринаётган ёвуз кучлар манфаатига хизмат қилади”, деган у.

Туркия раҳбари Анқара бутун минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида саъй-ҳаракатларини давом эттиришини билдирган.

Бундан ташқари, Эрдўған Туркия, Покистон ва Саудия Арабистони ўртасида жорий йилнинг 7 август куни имзоланган “Макка қўшма мудофаа келишуви” ҳақида ҳам гапирган. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда келишувнинг институционал асосларини яратиш ва ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш устида иш олиб борилмоқда.

“Биз мудофаа соҳасидаги ҳамкорлигимизни икки асосий йўналишда ривожлантирмоқдамиз. Биринчидан, жамоавий мудофаа ва минтақавий ҳамкорлик мақсадларига эришиш устида ишлаяпмиз. Иккинчидан, ушбу ҳамкорлик барқарор ва самарали фаолият юритадиган институционал тузилмага эга бўлиши учун зарур чораларни кўряпмиз”, деган Эрдўған.

У келишув НАТОдаги каби миллий қонунчилик асосида амалга оширилишини таъкидлаган. Президентнинг маълум қилишича, яқин кунларда ҳужжатни ички тасдиқлаш жараёнини якунлаш учун парламентга тақдим этиш бўйича ишлар давом эттирилади.

“Туркиянинг позицияси, устувор йўналишлари ва ҳимоя қиладиган тамойиллари аниқ. Биз воқеаларга ҳеч қачон этник ёки диний мансублик нуқтаи назаридан қарамаймиз. Бутун минтақамизда тинчлик ва барқарорлик ҳукм суришини истаймиз. Тинчликни ҳимоя қилишда давом этамиз ва унга эришиш учун бор кучимизни сарфлаймиз”, дея қўшимча қилган у.

Эслатиб ўтамиз, 10 октябрь куни Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийлар Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги халқаро аэропортга ҳужум қилган эди. Оқибатда камида 12 киши ҳалок бўлиб, яна 309 киши яраланган. Ҳужум оқибатида икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам енгил жароҳат олганди.

Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги Подшоҳ Холид халқаро аэропортига ҳусийлар томонидан уюштирилган ҳужумни қатъий қоралаган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends