Ҳусийлар Саудиядаги икки аэропортга зарба берди. Қурбонлар бор

World

−

image

Саудия Арабистонида ҳусийлар томонидан амалга оширилгани айтилган икки ҳужум оқибатида 3 нафар фуқаро ҳалок бўлиб, 36 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Саудия Фуқаро авиацияси бош бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, ҳужумлар 6 ва 7 октябрь кунлари Абҳа халқаро аэропорти ҳамда пойтахт Ар-Риёддаги Қирол Холид халқаро аэропортига амалга оширилган. Абҳа аэропортига қилинган ҳужум оқибатида Марокаш ва Жазоир фуқароси бўлган икки аёл ҳалок бўлган. Яна 28 киши жароҳатланган. Ар-Риёддаги Қирол Холид халқаро аэропортига қилинган ҳужумда эса Судан фуқароси ҳалок бўлган. Яна 8 киши, жумладан, 5 нафар Саудия фуқароси жароҳатланган.

Саудия Фуқаро авиацияси бош бошқармаси аэропортлардаги зарарни баҳолаш ҳамда йўловчилар ва ходимлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича тегишли хавфсизлик идоралари билан ҳамкорлик қилаётганини билдирган.

Саудия бошчилигидаги коалиция вакили генерал-майор Турки ал-Маликийнинг маълум қилишича, Ар-Риёд шимолида ҳусийлар томонидан учирилган баллистик ракета уриб туширилган. Шунингдек, Яман пойтахти Санода Саудия пойтахтига ҳужумлар учун фойдаланилган ракета учириш мосламаси йўқ қилинган.

Маълум бўлишича, Саудияда аэропортлар ва нефть инфратузилмасига қарши ҳужумлар аввал ҳам содир бўлган. Жорий йилнинг 18 сентябрь куни Саудия бошчилигидаги коалиция Ямандан Ар-Риёд томон учирилгани гумон қилинган ҳусийлар баллистик ракетасини уриб туширганини билдирган. 19 сентябрь куни эса аэропорт яқинида портлаш овози эшитилиб, Қирол Холид халқаро аэропортидаги ёқилғи сақлаш ҳудуди устидан қора тутун кўтарилган.

Айни пайтда Саудия қўллаб-қувватлаётган Яман ҳукумати кучлари Эрон билан иттифоқчи бўлган ҳусийлар билан қуролли тўқнашувларни кучайтирган. Ҳусийлар Қизил денгизни Аден кўрфази билан боғлайдиган стратегик Баб-ал-Мандоб бўғози атрофида катта ҳудудни назорат қилади.

Кеча, 8 октябрь куни ҳусийлар Яман ҳукумати назоратидаги Адан аэропортига ҳам баллистик ракеталар ва дронлар билан ҳужум қилгани хабар қилинган. Ҳужум оқибатида қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган.

Шунингдек, АҚШнинг Ар-Риёддаги элчихонаси Саудияда бўлган америкаликларни хавфсизлик вазияти сабаб ҳушёрликни кучайтиришга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Яманнинг халқаро миқёсда тан олинган Президентлик раҳбарлик кенгаши раҳбари Рашад ал-Алимий ҳусийларга қарши катта операция бошлангани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, ҳусийларнинг ҳужумлари фонида Анқара ва Исломобод Макка пакти доирасида Саудия Арабистонида ҳарбий контингентларини жойлаштириши ҳақида хабар берилган эди.

Бундан ташқари, Туркия Макка мудофаа пакти доирасида подшоҳликдаги ҳарбий иштирокини кенгайтириш фонида Саудия Арабистони ҳудудида ўз ҳарбий базасини жойлаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда. 


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends