Британия Саудияга қирувчи самолётларини юборади
World
−
11:07 954 2 minutes
Буюк Британия Ямандаги ҳусийлар ҳужумидан ҳимояланиш учун Саудия Арабистонига Typhoon қирувчи самолётларини юборишга қарор қилди. Бу ҳақда подшоҳлик Мудофаа вазирлигига таяниб, “Financial Times” хабар берди.
Қайд этилишича, жанговар самолётлар Саудия шаҳарлари ва муҳим инфратузилма объектларини Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган хусийлар олиб бораётган ракета ва дрон ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун юборилади. Шунингдек, Лондон саудиялик штаб офицерларини қўллаб-қувватлаш учун британ ҳарбий маслаҳатчиларини ва мамлакат ичида оғир техникаларни ташишга ёрдам бериш учун Atlas A400M транспорт самолётини юборади.
Маълумот учун, сўнгги ҳафталарда хусийлар Саудия Арабистонига берилаётган зарбаларни фаоллаштирди. Ар-Риёдда жойлашган Подшоҳ Холид номидаги халқаро аэропортга қилинган кенг кўламли ҳужум оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлди ва 300 дан ортиқ киши жароҳатланди. Шунингдек, ҳусийлар Даҳрон шаҳридаги Saudi Aramco давлат нефть компанияси қароргоҳига ракеталар билан зарба берди. Бошқа отишмалар ҳам қайд этилди. Британия Мудофаа вазирлиги раҳбари Уэс Стритинг “иттифоқчимиз Саудия Арабистонига қилинган ҳужумлар мутлақо қабул қилиниб бўлмайдиган ҳолат” эканини айтган. Подшоҳлик Ҳарбий-ҳаво кучларининг қирувчи самолётлари мудофаа ролини бажаради ва “хусийларга қарши ҳужумкор зарбалар бермайди”, деб баёнот берди ҳокимият органлари.
“Bloomberg”нинг ёзишича, Буюк Британиянинг хусийларга қарши курашга бевосита аралашуви бутун тарих давомида асосий иттифоқчи томонидан Ар-Риёдга кўрсатилган энг кучли қўллаб-қувватлаш амалиётларидан бири бўлади. Илгари валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон АҚШ Президенти Дональд Трампга ёрдам сўраб мурожаат қилган, аммо бу ҳозирча америкаликларнинг ҳарбий аралашувига олиб келмади, Туркия ва Покистон билан тузилган янги мудофаа пакти эса фақат чекланган даражада ёрдам берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Анқара ва Исломобод Макка пакти доирасида Саудия Арабистонида ҳарбий контингентларини жойлаштириши ҳақида хабар берилган эди.
Live
All20 October