Пентагон раҳбари простата саратонига чалингани маълум бўлди
Олам
−
10 Январь
44192023 йил декабрь ойида мутахассислар АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остинга простата саратони ташхисини қўйиб, унда жарроҳлик амалиётини ўтказди. Январь ойи бошида эса Пентагон раҳбари операция асоратлари туфайли шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Мериленд штатидаги Уолтер Рид тиббиёт маркази баёнотида айтилади.
Ҳужжатга кўра, 2023 йил декабрь ойининг бошларида ўтказилган навбатдаги текширув вақтида Остинга “даволанишни талаб қилувчи простата саратони” ташхиси қўйилган. Шу муносабат билан, 22 декабрь куни унда “минимал инвазив” жарроҳлик операцияси ўтказилган (простатектомия).
“Ушбу муолажа пайтида у умумий беҳушлик остида эди. Унинг касаллиги эрта аниқланган ва шунинг учун ҳам прогноз жуда яхши”, дейилади ҳужжатда.
Мутахассисларнинг хабар беришича, 2024 йил 1 январда вазир Остин декабрдаги процедурадан кейинги асоратлар, жумладан қорин, сон ва оёқлардаги кучли оғриқлар ва бош айланиши туфайли Уолтер Рид тиббиёт марказига ётқизилган.
“Дастлабки текширувда сийдик йўллари инфекцияси аниқланди”, дейилади марказ хабарида.
2 январь куни бемор реанимация бўлимига ўтказилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Остин тузалмоқда ва улар вазирнинг “тўлиқ соғайиб кетишини” кутмоқда. Марказнинг аниқлик киритишича, бу узоқ жараён бўлиши мумкин.
Шифокорларнинг ишонтиришича, январь ойида шифохонага ётқизилганидан бери вазир “ҳеч қачон ҳушини йўқотмаган ёки умумий беҳушлик остида бўлмаган”.
АҚШ ҳарбийлари матбуот котиби Патрик Райдернинг 8 январь куни маълум қилишича, Пентагон ўз раҳбарининг шифохонага ётқизилгани ҳақида ўз вақтида хабар бермагани учун Остин истеъфога чиқиш ниятида эмас. Райдернинг таъкидлашича, вазир “ўз мажбуриятларини бажаришга эътиборини қаратишда давом этади”. Ўша куни Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби АҚШ Президенти Жо Байден Остинни ишдан бўшатишни режалаштирмаётганини, бироқ маъмурият Мудофаа вазирлиги Остин шифохонага ётқизилгани ҳақида ўз вақтида хабар бермагани сабабли текширув ўтказишини айтди. Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пернинг таъкидлашича, Президент Остинга “тўлиқ ишонади”.
Қайд этиш жоизки, Қўшма Штатларда жамоатчилик юқори лавозимли сиёсатчиларнинг соғлиғи ҳақида тўлиқ маълумот олиши одат тусига кирган. Пентагон раҳбари билан юзага келган вазият эса мухолифатдаги республикачиларнинг кескин танқидига сабаб бўлди. Бир қатор сиёсатчилар Мудофаа вазири истеъфосини талаб қилмоқда. Улар Россиянинг Украинадаги уруши ва Яқин Шарқдаги кескин вазият даврида Пентагонни ким бошқараётганига ҳайрон бўлди.
АҚШ Конгресси аъзолари Остиндан Пентагон нега унинг шифохонага ётқизилгани ҳақида жамоатчилик ва расмийларни зудлик билан хабардор қилмаганини тушунтиришни талаб қилган. “Politico” газетасининг аниқлик киритишича, Мудофаа вазирлиги Остиннинг қаерда экани ҳақидаги маълумотни уч кун давомида Оқ уйдан сир сақлаган.
Маълумот учун, Ллойд Остин 2021 йилда ваколат муддати бошланганидан бери Байден жамоаси аъзоси. У Пентагонга раҳбарлик қилган биринчи афро-америкалик бўлди. 2016 йилгача АҚШнинг амалдаги Мудофаа вазири Яқин Шарқда жойлашган АҚШ кучлари қўмондони бўлган. Бу лавозимда у АҚШнинг Ироқ, Сурия ва Афғонистондаги миссиялари учун масъул эди. АҚШ армиясидаги 40 йилдан ортиқ фаолиятининг бошида Остин Германияда хизмат қилган.
LiveБарчаси