Ортиқова давлат сирига дахлдор амалдорларнинг судлари ёпиқ ўтганини изоҳлади

Жамият

Аввалроқ, бугун, 30 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши кураш бўйича идоралараро комиссиясининг йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар бергана эдик.

Йиғилишда Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова мансабдорлар орасида жиноий фаолиятдан олинган даромадлар бўйича баҳолаш тизимида Ўзбекистон “қизил” нуқта бўлиб ёниб турганини алоҳида таъкидлади.

“Эртага экспертлар келса, шу комиссияининг раиси бўла туриб, қандай жавоб беришим мени жуда кўп ўйлантиряпти”, дейди Ортиқова.

У сўзида давом этиб, жавобгарликка тортилган мансабдорлар давлат сирига алоқадор шахслар эканига, шу сабабдан уларнинг иши ёпиқ эшиклар ортида кўрилганига тўхталди.

“Бу мансабдор шахслар давлат сирларига алоқадорлигини инобатга олиб, уларнинг суд мажлислари ёпиқ ўтказилган, уларнинг жиноий фаолиятдан олган даромадлари ҳам сир сақланган”, дея вазиятни баҳолади Ортиқова.

Шу ўринда қайд этиш керакки, Ўзбекистонда 3 йилда бир нечта юқори мартабали амалдорларнинг суд иши ёпиқ шаклда кўриб чиқилди. Собиқ МХХ генерали Шуҳрат Ғуломов, собиқ Бош прокурор, Конституцион суд аъзоси Рашид Қодиров ва унинг ортидан собиқ Бош прокурор ва ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев иши шулар жумласидан. Айни вақтда собиқ Бош прокурор Отабек Муродов масаласи ҳам шу қадар сирлилигича қолмоқда. 

Бу мансабдорлар олган жазога келсак, Шуҳрат Ғуломов давлатга хиёнатда айбланиб, умрбодга қамалди, Рашид Қодиров 10 йилга, Ихтиёр Абдуллаев 18 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Ортиқова бу каби жиноятлар бўйича маълумотлар ҳам вақти келганда очиқ айтилишига ишонч билдирди ва жамоатчилик ҳам шуни исташини таъкидлаб ўтди.

“Бир кунмас, бир кун шу ҳамма масалалар очиқ бўлади. Буни комиссия аъзолари ҳам, жамиятимиз ҳам хоҳлайди”, деб сўзини якунлади Ортиқова хоним.


Мақола муаллифи

Теглар

жиноят Светлана Ортиқова

Баҳолаганлар

195

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг