Уч вилоятда 5 килодан ортиқ “гашиш” ва 7 кило “марихуана” топилди
3-саҳифа
−
09:11 545 2 дақиқа
Қашқадарё, Бухоро ҳамда Фарғона вилоятида катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Қашқадарё ҳудудида “Қарши – Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган Cobalt автомашинаси текширилганда, Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида яшовчи, 1966 йилда туғилган фуқаронинг қўл сумкасидан 5 килограмм 32 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситаси топилган ва мусодара қилинган.
Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида яшовчи, 1974 йилда туғилган фуқаронинг томорқасида эса 33 туп “каннабис” ўсимлиги парвариш қилинаётгани аниқланган. Шунингдек, хонадондан 7 килограмм 79 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситаси ҳам ашёвий далил сифатида олинган.
Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбир давомида “Андижон – Қўқон” йўналишида ҳаракатланаётган Lacetti автомашинаси тўхтатилиб, ундаги икки нафар йўловчига тегишли қоплардан 1200 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаси аниқланган.
Шунингдек, улар билан бирга ҳаракатланаётган яна бир шериги ҳам қўлга олинган. Тезкор тадбирларнинг давоми сифатида мазкур ноқонуний фаолиятга алоқадор яна икки нафар шахс ушланиб, улардан қўшимча равишда 345 дона “Тропикамид” ва 15 дона “Регапен” дори воситалари мусодара қилинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу шахслар кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Қирғизистондан айланма йўллар орқали олиб кириб, сотиш билан шуғулланган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, aввалроқ Самарқанд вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида қарийб 3 килограмм “гашиш” мусодара қилинган эди.
Live
Барчаси