Орбаннинг Москвага бориши Киев билан келишилмаган – Украина ТИВ
Олам
−
05 Июль
5527Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг Москвага бориб, Президент Владимир Путин билан учрашиши ортидан Украина Ташқи ишлар идораси Украина расмийларининг иштирокисиз ушбу мамлакат билан боғлиқ музокараларнинг ўтказилиши ҳеч қандай маъно ва таъсирга эга эмаслигини билдирди. Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.
Вазирлик адолатли дунёни тиклашнинг ягона реал йўли Президент Владимир Зеленский томонидан таклиф қилинган тинчлик формуласи бўлиб қолиши кераклигини таъкидлаган. Шунингдек, расмий Киев Орбаннинг Украинага ташрифидан уч кун ўтиб Москвага қилган сафари Украина томони билан ҳеч қандай келишувсиз амалга оширилганини даъво қилган.
ТИВ баёнотида таъкидланишича, Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва БМТ Низомига ҳурматга асосланган тинчлик қарашлари Швейцарияда бўлиб ўтган глобал тинчлик саммитида иштирок этган юздан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар томонидан ҳамфикрлик асносида шаклланган. Ўша ҳамфикр мамлакатлар ичида Венгрия ҳам бор.
“Украина Венгрия Бош вазирининг Киевга ташрифи якунлари бўйича икки томонлама ҳамкорлик ва Европа интеграциясини кенгайтириш бўйича кейинги ишларга конструктив мойиллигича қолади”, дея хулоса қилган Украина ТИВ.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 июль куни Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Украина Президенти Владимир Зеленский билан музокаралар ўтказиш учун Киевга борганди. Шунингдек, бугун, 5 июль куни эса Орбан Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиш мақсадида Москва шаҳрига борди.