Орбан Путинга мактуб ёзиб, ЕИ ҳаракатларига Россиянинг реакциясини сўради

Олам

image
Орбан 14-марта Путин билан учрашди. Бу гал Лавров ҳам “саҳна”га қайтди north_east

Орбан 14-марта Путин билан учрашди. Бу гал Лавров ҳам “саҳна”га қайтди

Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Россия Президенти Владимир Путинга ёзган мактубида, агар Европа Иттифоқи унинг Ғарбда музлатилган молиявий активларини конфискация қилиш тўғрисида қарор қабул қилса, Москва қандай жавоб беради, деб сўраган. Бу ҳақда унинг ўзи бугун, 17 декабрь куни Брюсселга борганида маълум қилди. 

Орбан 18-19 декабрда ЕИ саммити бўлиб ўтади, дея таъкидлаб, Россия активлари ва Украинага молиявий ёрдам масаласининг учрашувда асосий мавзу бўлишини айтди. У бир неча ҳафта аввал Россия Президентига мактуб ёзгани, унда Европа Иттифоқи Россиянинг музлатилган активларини олиб кетса, жавоб бериладими ва “россияликлар бу қарорни қўллаганларни инобатга оладими?” деб сўраганини эслади.

Орбаннинг сўзларига кўра, Москвадан келган жавобда ЕИ Россия активларини экспроприация қилса, “барча халқаро ҳуқуқий воситалардан фойдаланган ҳолда қатъий жавоб берилади” дейилган. Шу билан бирга, мактубда Россия раҳбарияти бу масалада ЕИ давлатлари позициясини ҳам инобатга олишини қайд этган.

“Шу тариқа, биз, венгерлар, ўзимизни ҳимоя қилдик ва очиқ билдирдик, мен буни ҳозир ҳам қиламан: Венгрия нафақат Россиядан, балки бошқа ҳар қандай давлатдан ҳам музлатилган олтин валюта захираларини олиб қўйилишини қўллаб-қувватламайди. Венгрия бунга ҳеч қачон ва ҳеч қандай шароитда рози бўлмайди”, дейди Бош вазир. 

Орбан аввалроқ октябрь ойида Путин билан шу масалада мактуб алмашганини айтган.

Орбан Брюссель саммитида Россия активлари конфискациясига қарши чиқишини тасдиқлади ва агар Европа Иттифоқи шундай қарор қабул қилса, Венгрия ЕИ судига даъво билан мурожаат қилишини билдирди. Ҳукумат раҳбари фикрича, Ғарбда Россия активларини эгаллаб олиш аслида уруш эълон қилишга тенг. Унинг айтишича, “мамлакатдан юзлаб миллиардлар олиб қўйилиши тарихда ҳеч қачон жавобсиз қолмаган”.

12 декабрда Европа Иттифоқи Кенгаши Россия суверен активларини чекловсиз блоклаш тўғрисида қарор қабул қилди. Европа комиссияси 18-19 декабрдаги саммитда ЕИ давлатларидан 210 миллиард евро миқдорида Россия активларини конфискация қилиш қарорини қабул қилишга умид қилмоқда, шундан 185 миллиард евро Бельгиядаги Euroclear платформасида блокланган.

Россия Президенти Владимир Путин Европа давлатларида муҳокама қилинаётган Россия активларини мусодара қилиш ташаббусини “ўғрилик амали” деб баҳолаган. Россия Адлия вазири Константин Чуйченко Ғарб мамлакатлари томонидан Россия активлари эҳтимолий мусодара қилинишига жавоб чоралари вариантлари мамлакат раҳбариятига тақдим этилганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Хитой Европа Иттифоқининг музлатилган Россия активларини Украина манфаатлари йўлида ишлатишига қарши эканини билдирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин Европа Иттифоқи Виктор Орбан Венгрия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг