Хитой Европанинг Россия активларидан фойдаланишига қарши чиқди

Олам

image

Хитой Европа Иттифоқининг музлатилган Россия активларини Украина манфаатлари йўлида ишлатишига қарши эканини билдирди. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Го Цзякунь маълум қилди.

“Хитой халқаро ҳуқуқни бузадиган ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан маъқулланмаган бир томонлама санкцияларга изчил равишда қарши чиқиб келмоқда”, деди у брифингда, ЕИ томонидан Россия активларидан Киев эҳтиёжлари учун фойдаланиш Хитойнинг Европа Иттифоқидаги инвестиция муҳитига бўлган ишончини сусайтирмайдими, деган саволга жавоб берар экан.

Хитой дипломатининг аниқлашича, Пекин барча манфаатдор томонлар саъй-ҳаракатлари билан “диалог ва музокараларни илгари суриш учун ижобий муҳит ва қулай шароитлар яратиш” тарафдори. У Украина инқирозини ҳарбий эмас, “сиёсий йўл билан ҳал этиш зарурлигини” таъкидлади.

12 декабрь куни Европа Иттифоқи Кенгаши Россиянинг суверен активларини муддатсиз блоклаш тўғрисида қарор қабул қилди. Европа комиссияси 18–19 декабрда бўлиб ўтадиган саммитда ЕИ мамлакатларидан Украинага кредит бериш мақсадида Россиянинг 210 млрд евро миқдоридаги активларини экспроприация қилиш бўйича қарор қабул қилишга эришишни кўзламоқда. Ушбу маблағларнинг 185 млрд евро қисми Бельгиядаги Euroclear депозитарийсида музлатилган.

Россия Президенти Владимир Путин Европа давлатларида муҳокама қилинаётган Россия активларини мусодара қилиш ташаббусини “ўғрилик амали” деб баҳолаган. Россия Адлия вазири Константин Чуйченко Ғарб мамлакатлари томонидан Россия активлари эҳтимолий мусодара қилинишига жавоб чоралари вариантлари мамлакат раҳбариятига тақдим этилганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг маъмурияти сўнгги ҳафталарда европалик амалдорлар билан Украина бўйича тинчлик режасига қўшимча ҳужжатларни қўшишни муҳокама қилаётгани хабар қилинганди. Уларда ЕИ ҳудудида музлатилган Россия активларини ечиш ва уларни АҚШнинг молиявий ва бошқа компанияларига Украинада лойиҳаларни ривожлантириш учун топшириш таклиф қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Европа Иттифоқи Хитой Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг