Онаси айиқ қафасига ташлаган қиз 18 ёшгача тиббий назоратда бўлади

Жамият

image

Тошкент ҳайвонот боғида айиқ қафасидан олиб чиқилган қизалоқнинг саломатлиги 18 ёшга тўлгунига қадар нуфузли тиббиёт маркази назоратида бўлади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифохонада бир неча кундан бери муолажа олаётган қизалоқнинг ҳолати бўйича сўнгги маълумотларни эълон қилди.

Ҳозир бемор тиббиёт ходимлари назорати остида режали муолажаларни давом эттирмоқда. Соғлиги кундан кун тикланиб боряпти. 

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бемор қизалоқ З.А.нинг 18 ёшга тўлгунига қадар саломатлигини доимий назорат қилиш учун Болалар миллий тиббиёт маркази ва унинг директори, тиббиёт фанлари доктори Алишер Шариповни шахсан масъул этиб белгилаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 январь куни Тошкент ҳайвонот боғида юз берган мудҳиш ҳолат муҳокамаларга сабаб бўлди. Соат тахминан 12:00 ларда ёш аёл номаълум сабабларга кўра одамларнинг кўз олдида ўз қизини айиқ қафасига ташлаб юборган.

Айиқ қизалоққа зарар етказмаган. Ҳайвонот боғи ходимлари айиқни ички хонага олиб киришга муваффақ бўлишган.

2018 йилда туғилган қизалоққа дастлаб ҳайвонот боғи ҳамшираси биринчи ёрдам кўрсатади. Шундан сўнг тез ёрдам машинасида соат 13:30 ларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган.

Ҳайвонот боғи маъмуриятига кўра, 3 ёшли қизалоқ интенсив терапия хонасига кўчирилган.

Ҳозирда ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми “в” банди (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Прокуратура қизини айиқ қафасига улоқтирган она руҳий 2021 йилнинг июль ойидан буён руҳий асаб касалликлари диспансерида рўйхатда туришини маълум қилди.

Тошкент шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бошқармаси эса аёл олий таълим муассасасида дарс беришини ва турмуш ўртоғи билан ажраётганини очиқлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

132

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг