Оммавий тадбирлар ўтказиш тартибига ўзгартиришлар киритилади

Жамият

image

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларига киритилиши режалаштирилган ўзгартириш ва қўшимчалар:

1-банддаги (Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида оммавий тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказиш тартибини белгилайди ҳамда улар иштирокчилари, оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари маъмуриятларининг, ички ишлар органларининг оммавий тадбирларни ўтказишда фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш бўйича ўзаро муносабатлари, мажбуриятлари ва ҳуқуқларини тартибга солади) “ички ишлар органларининг” сўзларидан кейин “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва бошқа давлат органлари бўлинмаларининг” сўзлари қўшилади.

13-банднинг (Комиссияни ваколатли орган раҳбарининг тегишли ўринбосари бошқаради. Комиссиянинг таркибига ҳудудий ички ишлар органлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотларнинг вакиллари киради) биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Комиссияни ваколатли орган раҳбарининг тегишли ўринбосари бошқаради. Комиссия таркибига ҳудудий ички ишлар органлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотларнинг вакиллари киради”.

15-банднинг (Оммавий тадбирларни ўтказишда фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш чора-тадбирлари) тўртинчи хатбошидаги “ҳудудий ички ишлар органлари” сўзларидан кейин “ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг бўлинмалари” сўзлари қўшилади.

38-банднинг (Оммавий тадбирни ўтказишда фавқулодда вазиятлар юзага келиши ёки фуқароларнинг хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келганда комиссия томонидан янги юзага келган ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, объектнинг рухсат берилган оммавий тадбирни ўтказишга тайёрлигини ва оммавий тадбирни ўтказиш учун оммавий тадбир ташкилотчиси ва оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмурияти томонидан амалга ошириладиган тайёргарлик чора-тадбирлари ҳолатини ўрганувчи ишчи гуруҳ ташкил қилинади) иккинчи хатбошидаги “Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси” сўзлари “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Давлат хавфсизлик хизмати” сўзлари билан алмаштирилади.

IХ (Оммавий тадбирларни ўтказишда фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлашга қўйиладиган талаблар, улар иштирокчиларининг, оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари маъмуриятларининг ва ички ишлар органларининг уларга риоя қилиш бўйича мажбуриятлари ва ҳуқуқлари) бобнинг номидаги “оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари маъмуриятларининг ва ички ишлар органларининг” сўзлар “оммавий тадбирларни ўтказиш объекти маъмуриятининг, ички ишлар органларининг, Миллий гвардия ва бошқа давлат органларининг” сўзлар билан алмаштирилади.

58-банддаги (Оммавий тадбирни ўтказишда унинг иштирокчилари фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлашга қўйиладиган талабларга риоя қилишга, оммавий тадбир ташкилотчисининг ва фуқаролар хавфсизлиги ҳамда жамоат тартибини таъминлаш бўйича мажбуриятларни бажарувчи ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажариши шарт) “ички ишлар органлари” сўзларидан кейин “ҳамда Миллий гвардия” сўзлари қўшилади.

59-банднинг (Оммавий тадбирни ўтказиш вақтида оммавий тадбир иштирокчиларига қуйидагилар тақиқланади) бешинчи хатбошидаги “ички ишлар органларининг ходимлари” сўзлар “ички ишлар органлари ҳамда Миллий гвардия бўлинмаларининг ходимлари” сўзлар билан алмаштирилади.

61-бандда (Оммавий тадбир ташкилотчисининг мажбуриятлари):

тўртинчи, олтинчи, ўн учинчи, ўн тўртинчи, ўн бешинчи ва ўн олтинчи хатбошиларига “ички ишлар органлари” сўзларидан кейин “Миллий гвардия” сўзлари қўшилади;

тўққизинчи хатбошидаги “ички ишлар органларининг ходимларини” сўзлар “ички ишлар органлари ҳамда Миллий гвардия бўлинмаларининг ходимларини” сўзлар билан алмаштирилади.

63-банднинг (Оммавий тадбир дастурида назарда тутилган чиқишлар (ҳаракатлар)ни бевосита амалга оширувчи артистлар, спортчилар ва бошқа шахсларнинг мажбуриятлари) учинчи хатбошидаги “ва ички ишлар органлари ходимларининг” сўзлар “, ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимларининг” сўзлар билан алмаштирилади.

64-банднинг (Оммавий тадбир дастурида назарда тутилган чиқишлар (ҳаракатлар)ни бевосита амалга оширувчи артистлар, спортчилар ва бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари) иккинчи хатбошидаги “ички ишлар органлари “ички ишлар органлари” сўзларидан кейин “ва Миллий гвардия” сўзлари қўшилади.

65-банднинг (Оммавий тадбир томошабинларининг мажбуриятлари) бешинчи хатбошидаги “ички ишлар органлари” сўзларидан кейин “ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги” сўзлари қўшилади.

67-банднинг (Оммавий тадбирни ўтказиш объекти маъмуриятининг мажбуриятлари) ўн биринчи хатбошидаги “ички ишлар органлари” сўзларидан кейин “ва Миллий гвардия” сўзлари қўшилади.

68-банднинг (Оммавий тадбирни ўтказиш объекти маъмуриятининг ҳуқуқлари) тўртинчи хатбошидаги “ички ишлар органлари” сўзларидан кейин “, Миллий гвардия” сўзлари қўшилади.

69-бандда (Оммавий тадбирларни ўтказишда ички ишлар органларининг мажбуриятлари):

учинчи хатбошидаги “Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси” сўзлар “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Давлат хавфсизлик хизмати” сўзлар билан алмаштирилади;

ўн бешинчи хатбошидаги “Фавқулодда вазиятлар вазирлиги” сўзларидан кейин “Миллий гвардияси” сўзлари қўшилади.

Қуйидаги мазмундаги 70-1 –70-12-бандлар билан тўлдирилади:

“70-1. Оммавий тадбирларни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларининг мажбуриятлари:

ички ишлар органлари нарядлари билан биргаликда хизмат олиб бориш ва уларнинг фаолиятини жанговар панасини таъминлаш;

оммавий тадбир ўтказиладиган объект ҳудудини ўраб (тўсиб) олишда иштирок этиш;

ички ишлар органлари билан биргаликда заҳира кучларини ташкил этиш;

жамоат хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар органларининг бўлинмалари ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идораларга кўмаклашиш.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг бўлинмалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.

70-2. Оммавий тадбирларни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларининг ҳуқуқлари:

муҳандислик-техник воситалардан фойдаланган ҳолда оммавий тадбир ўтказиладиган объектини атроф-ҳудудини жисмонан тўсишда, объектга рухсатнома билан ўтказиш режимини амалга оширишда, унга туташ ҳудудларни ўраб олиш чегараларини яратишда, автотранспорт воситаларини текширилишида ички ишлар органларига амалий ёрдам кўрсатиш;

оммавий тадбирларни ўтказиш давомида объектларнинг белгиланган жойларида жанговар шай ҳолдаги куч ва воситалар захирасини ушлаб туриш;

оммавий тадбир ўтказиладиган объектда фавқулодда вазиятлар содир бўлганда тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда амалдаги махсус режалар асосида чоралар кўриш.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг бўлинмалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланиши мумкин.

70-3. Оммавий тадбирларни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати бўлинмаларининг мажбуриятлари:

оммавий тадбирлар ўтказиладиган объект, унинг атрофида турли таҳдидлар, эҳтимолий террорчилик-қўпорувчилик ҳаракатларига оид тезкор маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан тезкор ахборот алмашинувини амалга ошириш;

оммавий тадбир ўтказиладиган объектда террорчилик-қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишни мақсад қилган шахс ва гуруҳларни аниқлаш ва зарарсизлантириш бўйича тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириш;

террорчиларни ушлаш, зарарсизлантириш ва йўқ қилиш бўйича тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг бўлинмалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.

70-4. Оммавий тадбирларни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати бўлинмаларининг ҳуқуқлари:

оммавий тадбир ўтказилаётган объектда ва унинг атроф-ҳудудида юзага келаётган тезкор вазият юзасидан ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан маълумотлар олиш;

оммавий тадбир ўтказилаётган объектда жиноятлар, шу жумладан террорчилик-қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишни мақсад қилган шахс ва гуруҳларни ушлаш, зарарсизлантириш ва йўқ қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг бўлинмалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланиши мумкин.

70-5. Оммавий тадбирларни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмаларининг мажбуриятлари:

фавқулодда вазиятлар, шу жумладан ёнғинларни юзага келтириши мумкин бўлган хавфлар ва таҳдидларни барвақт аниқлаш ҳамда профилактикасини амалга ошириш бўйича ишларни ташкил қилиш;

табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан, ёнғинлар содир бўлганда уларни бартараф этиш ҳамда қутқарув ишларига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими (ФВДТ) куч ва воситаларини жалб қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бўлинмалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.

70-6. Оммавий тадбирларни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмаларининг ҳуқуқлари:

оммавий тадбир ўтказиладиган объектда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг, шу жумладан ёнғинларнинг олдини олиш учун олдиндан текширув тадбирларни амалга ошириш;

оммавий тадбир объектлари раҳбарлар таркиби ва қутқарув тузилмалари шахсий таркибини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш ҳамда оммавий тадбирлардаги чиқишларда қатнашувчи санъаткорлар, спортчилар ва бошқа шахслар билан оммавий тадбирларни ўтказиш даврида юзага келиши эҳтимоли юқори фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш бўйича йўриқнома ўтказишга қаратилган тадбирларни ташкил қилиш;

оммавий тадбирларни ўтказиш даврида объектда радиацион, кимёвий, биологик (бактериологик) муҳофазани, ёнғинлар профилактикасини ва қутқарув (шу жумладан, сувда қутқарув) ишларини амалга ошириш.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бўлинмалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан фойдаланиши мумкин.

70-7. Оммавий тадбирларни ўтказишда прокуратура органларининг мажбуриятлари:

оммавий тадбир ўтказиладиган объектда ва унинг атроф-ҳудудида юзага келаётган оператив вазият тўғрисида ички ишлар органлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан тезкор ахборот алмашувини амалга ошириш;

оммавий тадбирни ўтказиш даврида гуруҳ бўлиб оммавий тартиббузарликлар содир этган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилишини назорат қилиш;

оммавий тадбирни ўтказиш даврида содир бўлган кутилмаган вазиятлар (ёнғин, авария ва бошқалар)нинг келиб чиқиш омиллари ва сабабларини ўрганиш ҳамда унинг натижасига кўра айбдор шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилишини таъминлаш.

Прокуратура органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.

70-8. Оммавий тадбирларни ўтказишда прокуратура органларининг ҳуқуқлари:

оммавий тадбир ўтказилаётган объектда ва унинг атроф-ҳудудида юзага келаётган тезкор вазият юзасидан ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан маълумотлар олиш;

оммавий тадбирни ўтказиш даврида гуруҳ бўлиб оммавий тартиббузарликлар содир этган шахсларга нисбатан ички ишлар органлари томонидан тузилган ҳужжатларни қонунийлигини текшириш;

оммавий тадбирни ўтказиш даврида содир бўлган кутилмаган вазиятлар (ёнғин, авария ва бошқалар)нинг келиб чиқиш омиллари ва сабабларини текшириш ҳамда айбдор шахсларга нисбатан тергов ҳаракатларини олиб бориш.

Прокуратура органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланиши мумкин.

70-9. Оммавий тадбирларни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлинмаларининг мажбуриятлари:

оммавий тадбир иштирокчиларига, жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги тадбирларга жалб этилган ходимлар ва ҳарбий хизматчиларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича доимий шайликни таъминлаш;

фавқулодда вазиятларда жабрланганларга тез тиббий ва биринчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш;

фавқулодда вазиятларда жабрланганларга шошилинч ёрдам кўрсатишда (авария-қутқарув хизматлари билан биргаликда) иштирок этиш.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бўлинмалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.

70-10. Оммавий тадбирларни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлинмаларининг ҳуқуқлари:

оммавий тадбир ўтказиладиган объектнинг ҳудудида, шунингдек пиротехник буюмларини қўллаш вақтида тез тиббий ёрдам автоэкипажининг навбатчилигини таъминлаш, жабрланганларни яқиндаги тиббий муассасаларга зудлик билан жўнатиш;

фавқулодда вазиятларда жабрланганларни вақтинчалик тиббиёт муассасаларига жойлаштириш ва даволанишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бўлинмалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланиши мумкин.

70-11. Оммавий тадбирларни ўтказишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри, вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимликларининг мажбуриятлари:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри, вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги комиссиялар ва уларнинг иш регламентини доимий назорат қилиш;

оммавий тадбирларни белгиланган талабларга жавоб берадиган объектларда ўтказилишини таъминлаш;

комиссиялар томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳлари аниқлаган камчиликларни оммавий тадбирлар ўтказиладиган объектлар маъмурияти томонидан белгиланган муддатларда бартараф этилишини назоратга олиш.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри, вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимликлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.

70-12. Оммавий тадбирларни ўтказишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри, вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимликларининг ҳуқуқлари:

жисмоний ва юридик шахслар томонидан тегишли рухсатномалар олмасдан оммавий тадбирлар ўтказишини, шунингдек белгиланган талабларга жавоб бермайдиган объектларда оммавий тадбирлар ўтказилишини тақиқлаш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда оммавий тадбирнинг ташкилотчиси ва оммавий тадбирни ўтказиш объекти маъмурияти томонидан оммавий тадбирларни ўтказиш шартларига риоя қилинишининг бузилиши фактлари мавжуд бўлганда ушбу тадбирларни ўтказиш шартларига риоя қилиниши юзасидан комиссияга режадан ташқари текширувларни ўтказишга топшириқ бериш.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри, вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимликлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланиши мумкин”.


Мақола муаллифи

Теглар

ДХХ Миллий гвардия оммавий тадбирлар

Баҳолаганлар

8

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг