“Омикрон”га қарши қандай курашиш мумкин? Отабеков жавоб берди

Саломатлик

image

Дунёда коронавируснинг янги штамми тарқала бошлагани Ўзбекистон фуқароларида ҳам жиддий хавотир уйғотяпти. Хусусан, кўпчилик ушбу ҳолат Ўзбекистондаги эпидемиологик вазиятга қандай таъсир кўрсатиши мумкинлиги, бунга қарши кўриладиган чоралар билан қизиқмоқда.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нурмат Отабеков омикрон штаммига қарши кураш чоралари ҳақида фикрларини билдириб ўтди.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, вируслар  — оддий, ҳужайрасиз организмлар ва уларда ўзгарувчанлик юзага келиши табиий ҳол. Масалан, ҳозиргача коронавируснинг қўзғатувчиси, яъни SARS-CoV-2 нинг 7 мингдан зиёд мутацияга учраган штаммлари аниқлаган. “Омикрон” ҳам шулардан бири.

“Биз янги штаммнинг тарқалиш ўчоғи бўлган Жанубий Африка давлатлари билан бевосита авиация алоқалари ўрнатмаган бўлсак-да, ушбу касаллик иккинчи ва учинчи мамлакатлар орқали Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши эҳтимоли йўқ эмас”, дейди Отабеков.

У вақти келганда SARS-CoV-2 нинг ушбу янги штамми учун алоҳида протокол ишлаб чиқилишини ҳам инкор этмаган. Шунга қарамай, Отабеков мавжуд диагностика, даволаш ва профилактика имкониятларидан самарали фойдаланиш бу вирус турига қарши ҳам натижа беришига ишонч билдирган. 

“Ўтган даврда бизда COVID-19 ни даволаш бўйича катта тажриба тўпланди. Бу ҳақли равишда халқаро миқёсда ҳам эътироф этиляпти. Шу маънода, муолажа жараёнларини белгиланган даволаш стандартлари асосида олиб борсак, касаллик қандай интенсивликда тарқалмасин, асоратларсиз тузалиб кетишига замин яратиш мумкин.

Карантин билан боғлиқ профилактик чоралар бекор бўлгани йўқ. Аммо одамларимиз тиббий ниқоб тақиш, ижтимиой масофа сақлаш, антисептик воситалардан фойдаланиш  каби оддий қоидаларга ҳам етарлича амал қилмай қўйгани ачинарли ҳолат.

Янги штаммнинг юртимизга кириб келиши ва аҳоли ўртасида тарқалишининг олдини олишда шундай профилактик чора-тадбирлар жуда муҳим ҳисобланади”, дейди Нурмат Отабеков.

Мутахассис янги штаммга қарши туриш ҳақида гапириб, энг асосийси, жамоавий иммунитетни шакллантириш эканини, оммавий эмланиш кўрсаткичларини ошириш орқали ҳам эпидемиологик вазиятни барқарор сақлаб туришга имкон беришини таъкидлади.

“Вакциналар SARS-CoV-2 нинг ҳар қандай мутацияга учраган штаммида самара беради. Ҳатто янги штаммни юқтириб олган ҳолатда ҳам барча дозада эмланганларда касаллик енгил ва жиддий асоратларсиз ўтади.

Қолаверса, мамлакатимизда айни пайтда аҳолига ихтиёрий равишда бустер-доза билан эмланишлари учун имкониятлар яратиб берилган”, дейди Отабеков.

Шу ўринда у коронавируснинг турли штаммлари ҳар сафар хориждан қайтган фуқаролар орқали кириб келганини ҳисобга олиб, айни кунларда касаллик тарқалаётган мамлакатларга зарурат бўлмаса, вақтинча бормасликни тавсия қилган.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда мамлакатда аҳолини эмлашда жами 6 турдаги — AstraZeneca, ZF-UZ-VAC2001, “Спутник V”, Moderna, Pfizer/BioNTech ҳамда Sinovac вакциналаридан фойдаланилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

омикрон

Баҳолаганлар

355

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг