“Omicron” пандемияни тугатиши мумкин – вирусолог
Саломатлик
−
06 Декабрь 2021
20794Коронавируснинг янги штамми - “omicron” пандемияни тугатиши мумкин. Гамалея номидаги Иммунология маркази вирусолог профессори Анатолий Альтштейн Sputnik радиоси билан суҳбатда шундай фикр билдирган.
Унинг сўзларига кўра, “omicron” штамми аниқланганига яқинда бир ой бўлади, лекин ўтган вақт ичида “omicron” штамми юққан беморларнинг бирортасида касаллик оғир кечгани ёки ўлим ҳолатлари бўлгани кузатилмаган. Лекин шу билан бирга ушбу штамм ўта юқумлилиги аниқланган.
“Omicron” одамларга юқади, биз енгил кўринишдаги касалларни кўрамиз ва шундан сўнг ҳеч қандай коронавирус бизга хавфли бўлмайди”, дейди Альтштейн.
Масалан, ЖАРда у бир ойдан кам вақт ичида коронавируснинг дельта ва бошқа штаммларини сиқиб чиқариб юборган ва сўнгги кунларда аниқланаётган ҳолалатларнинг аксарияти “omicron” штаммига тўғри келмоқда.
Ўта юқумлилик - янги вирус хусусиятларидан бири бўлиб, бу унинг S-оқсилида мутациялар жуда кўплиги билан изоҳланади. Яъни вируснинг геноми барқарор бўлмаса, касаллик оғир оқибатларга олиб келмайди.
Коронавирусдан ўлим ҳолатлари сони гриппнинг ўлим ҳолатлари сонига тенглашганда пандемия тугагани ҳақида хулоса қилиш мумкин, дейди вирусолог.
“Ҳозирча вирус ёши катта кишиларга етиб бормаган, лекин дастлабки хулосаларга кўра “omicron” ўз оқибатларига кўра, унчалик қўрқинчли вирус эмас”, деб қўшимча қилган шифокор.
Эслатиб ўтамиз, коронавируснинг янги B.1.1.529 штамми илк бор Ботсванада 11 ноябр куни аниқланган эди. Шундан сўнг ЖАР, Гонконг ва бошқа давлатларга тарқалди. Бугунги кунда “omicron” 27 та давлат ҳудудида аниқланган.
Унинг асосий хусусияти – ўта юқумли ва инсоннинг касал бўлиб тузалиш ва вакциналаш орқали орттирган иммунитетига чап бериб ўта олади. ЖССТ янги штаммни “хавотирли” деб тан олиб унга грек алифбосининг 15-ҳарфи – “omicron” номини берган эди.
LiveБарчаси