Олмазордаги боғчада болага қўл кўтарган тарбиячи жазоланди (видео)
3-саҳифа
−
16 Февраль 6242 2 дақиқа
Пойтахтнинг Олмазор туманидаги хусусий боғчалардан бирида тарбиячи томонидан беш ёшли тарбияланувчига нисбатан куч ишлатилгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Тарбиячи 1 миллион 260 минг сўм миқдорида жаримага тортилди. Бу ҳақда ИИББ хабар берди.
Қайд этилишича, масъуллар воқеа жойига чиқиб, кузатув камераларини ўрганган. Тасвирларда тарбиячи Елена исмли аёл вояга етмаган болага нисбатан жисмоний куч ишлатгани аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган материаллар жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судига тақдим этилган.
Суд қарорига кўра, у Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 52-моддаси (Енгил тан жароҳати етказиш) 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари – 1 миллион 260 минг сўм миқдорида жаримага тортилган.
Болакайнинг ота-онаси фарзандига тиббий муолажалар – электрофорез, массаж ва психолог кўриги зарурлигини маълум қилган. Уларнинг айтишича, воқеадан сўнг дарҳол прокуратурага мурожаат қилинган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, боғча болалар учун меҳр ва ҳимоя маскани бўлиши лозим. Жисмоний жазолаш эса ҳеч қачон тарбия воситаси бўла олмайди. Шу муносабат билан мактабгача таълим муассасалари раҳбарларига ходимларни ишга қабул қилишда уларнинг малакаси ва масъулиятига алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида боғча опа ёш болани калтаклаган эди.
Live
Барчаси