Олий Мажлис депутати Ўзбекистонни Россияга қўшиб олишни таклиф қилган амалдорга жавоб қайтарди
Жамият
−
21 Декабрь 2023
39068Аввалроқ, Россия гвардияси полк командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Захар Прилепин собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб, уларнинг аҳолисига рус тилини ўргатиш таклифини илгари сургани хабар қилинганди. Ўзбекистонда Прилепиннинг мазкур баёноти норозилик билан қабул қилинди. Масалан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов ушбу вазиятда “Ақлсиз дўст ақлли душмандан ёмонроқдир”, нақлини эслади.
“Биз билан дўстлик ришталарини боғлаб, ҳар томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиб келаётган Россия Федерациясидаги сиёсий партия – “Справедливая Россия – Патриоты – За правду”нинг ҳамраиси Захар Прилепиннинг урушни тарғиб қилишга қаратилган чиқиши қалбимизни ларзага солди. Кайковуснинг Қобуснома асарида “Ақлсиз дўст ақлли душмандин ёмонроқдир”, деган нақл бор. Бу “дўст” дунёнинг кўпгина мамлакатларида нотинчлик юз бераётган, қонли можаролар авж олаётган, бунинг натижасида тинч аҳоли жабр кўраётган, уй-жойидан, мол-мулкидан айрилиб бошпанасиз, ҳимоясиз қолаётган айни замонда мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчликка раҳна солиш ниятини билдирди”, дейди депутат.
Қудратов Ўзбекистон мустақил, суверен давлат эканини, уни босиб олишга, унда ўз ҳукмини ўтказишга, хорижий тил ўргатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ эканини таъкидлади.
“Бундай сурбетлик билан эълон қилинган фикрлар на халқаро ҳуқуққа, на соғлом ақлга тўғри келади. Аксинча, урушни тарғиб қилиш – бу жиноятдир”, дея қўшимча қилган Қудратов.
“Шуни ғурур билан айтамизки, мамлакатимизда тинчлик-тотувлик ҳукм сураётгани, бунёдкорлик ишлари изчиллик билан давом этаётгани, иқтисодимиз юксалаётгани, спортчиларимиз забт этаётган шоҳсупалар, эришаётган ютуқларимизнинг барча-барчаси мамлакатимиз қудратидан далолатдир. Бизнинг улуғ халқимиз муқаддас ҳуқуқимиз – мустақиллигимизни ҳеч кимга, ҳеч қачон бериб қўймайди! Мустақиллигимизни, суверенитетимизни, давлат чегараларимиз дахлсизлигини ҳимоя қилишга куч-қудратимиз ҳам, журъатимиз ҳам етарли”, деб хулоса қилган депутат Қудратов.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ёшлар сиёсати департаментининг раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев Москвага бориб, Россия Давлат Думаси вице-спикери Владислав Даванков билан учрашувда Россия ҳукуматидан ўзбек диаспораси ҳисобидан мамлакатда меҳнат муҳожирларининг фарзандлари учун хусусий боғча ва мактаблар очишда ёрдам сўраганди.
Шундан сўнг, Россиялик депутат Михаил Делягин мазкур ташаббус мамлакат қонунларига мос келмаслигини айтиб, Ўзбекистон Россиядан фуқароларини олиб кетиши кераклигини иддао қилганди. Бунга жавобан депутатнинг Ўзбекистондаги мавқедошлари, жумладан, “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров Россияда ўзбеклар ва ўзбек тилига муносабат “Делягинча” бўлса, Ўзбекистонда ҳам рус тилига муносабат буткул ўзгариши кераклигини айтган, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов эса ўзбекистонликлар ҳалол меҳнатлари эвазига ўз оилаларини моддий таъминлаётганини, Россия уларни текинга боқмаётганини эслатган эди.
Кейинчалик Россия Давлат Думаси вице-спикери Пётр Толстой собиқ Совет иттифоқига кирган давлатларда, хусусан, Ўзбекистонда Россияда ишлаётган мигрантлар ҳисобидан рус тилида ўқитиладиган мактаблар қуришни таклиф қилганди. Бунга Алишер Қодиров ўз муносабатини билдириб, шундай деганди:
“Биз ўзбек тилини билмайдиган хизматчиларни ишдан ҳайдашни таклиф қилишимиз керак(ми?) Биз бошқа йўлдан борамиз – уларга ўзбек тилини ўргатамиз. Сиз эса ўзингиз ишлашни ўрганинг. Бу рус тилига қачонлардир ҳақиқий ҳурмат пайдо бўлишига олиб келиши мумкин”.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь