Олимпиада медаллари учун спортчиларга бериладиган мукофот пулининг миқдори эълон қилинди (фото+видео)
Спорт
−
03 Июль
13298Кеча, 2 июль куни Тошкент шаҳридаги Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида Ўзбекистон делегациясини Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, мамлакат велосипед спорти федерацияси раҳбари Танзила Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департамент раҳбари Одил Абдураҳмонов, Давлат Хавфсизлик хизмати раиси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Абдусалом Азизов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Адҳам Икрамов бошчилигидаги Спорт вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари раҳбарлари, спортчи ҳамда мураббийлар, ОАВ ходимлари иштирок этди.
Тадбир аввалида сенат раиси Танзилла Норбоева ва Бош вазир Абдулла Арипов сўзга чиқиб, тўрт йилликнинг энг йирик спорт тадбирида Ўзбекистон вакилларига омад тилади.
Абдулла Арипов Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларига давлат томонидан бериладиган мукофот пуллари ҳақида ҳам айтиб ўтди.
Унга кўра, Париж-2024 Олимпия ўйинларининг олтин медаль соҳибларига 200 минг, кумуш медаль эгаларига 100 минг, бронза медаль совриндорларига эса 50 минг АҚШ доллар пул мукофоти тақдим этилади. Спортчиларни мураббийларига эса мос равишда 50, 25, 12,5 минг АҚШ доллари берилади.
Шунингдек, тадбирда Олимпиада ўйинларида қайси спортчи Ўзбекистон байроқдори бўлишига ҳам ойдинлик киритилди. Бундай шарафли вазифа бокс бўйича жаҳон чемпиони Абдумалик Халаков ва қиличбозлик бўйича жаҳон чемпиони Зайнаб Дайибековага ишониб топширилди.
Тадбир якунида ҳукумат вакиллари ва спорт федерациялари раҳбарлари Олимпиадада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган атлетлар билан эсдаликка фотосуратга тушди. Энди бирин-кетин Ўзбекистон спорт терма жамоалари Париж шаҳрига жўнаб кетади. Олимпия ўйинларининг очилиш маросими 26 июль куни бўлиб ўтади. Баҳслар 12 августга қадар давом этади.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь