“Олигархлар яширинадиган жой қолмайди”. Британия Россия учун “оғир” санкцияларни эълон қилди

Олам

image

Буюк Британия Россиянинг ВТБ Банки, “Аэрофлот” компаниясига қарши санкциялар киритди ва юқори технологияли маҳсулотларни Россияга экспорт қилишни тақиқлади. Бу ҳақда Британия Бош вазири Борис Жонсон Москванинг Украинага босқини учун Лондон томонидан жорий қилинадиган санкциялар ҳақида маълумот бериб, айтиб ўтди.

Кеча, 24 февраль куни Буюк Британия Бош вазири ВТБ банк ва “Аэрофлот”га қарши санкцияларни эълон қилиб, унинг Буюк Британияга парвозларини тақиқлади. “Аэрофлот” Москва-Лондон йўналиши бўйича ҳафтада бир нечта рейсларни амалга оширарди. Компанияга Буюк Британия ҳудуди орқали парвозлар ҳам тақиқланиши мумкин.

Жонсон, шунингдек, гап ВТБ Банкнинг Буюк Британиядаги активларини тўлиқ музлатиш ҳақида кетаётганини тушунтирган.

Санкциялар қўлланилган Россия банклари Буюк Британия молия тизимидан бутунлай узилади, улар фунт стерлингда тўловларни амалга ошира олмайди.

“Сибур” бошқаруви раисининг собиқ ўринбосари ва Владимир Путиннинг собиқ куёви Кирилл Шамалов, Бирлашган авиасозлик корпорацияси раҳбари Юрий Слюсарь, ВТБ вице-президенти Денис Бортников (ФСБ раҳбарининг ўғли) ва “Промсвязьбанк” бошқарув раиси Пётр Фрадков (собиқ бош вазирнинг ўғли) Британия санкциялари остида қолди. Европа Иттифоқи ҳам шу ҳафта Бортников ва Фрадковга қарши санкциялар киритганди.

Британия шунингдек, Россияга юқори технологик маҳсулотларни сотишни ҳам тақиқлади. Бундай чоралар одатда мамлакатнинг узоқ муддатли ривожланишини тўхтатиш учун қўлланилади.

Бироқ тақиқ қайси соҳаларга тааллуқли эканлиги ҳозирча аниқ эмас. Масалан, АҚШ аввалроқ, мудофаа ва энергетика соҳаларида қўлланилиши мумкин бўлган товарлар экспортини чеклаганди.

Жонсон, шунингдек, Россия ва рус компанияларига Буюк Британияда молиявий ёрдам олиш тақиқланишини эълон қилди. Бу Россия компаниялари ўз қимматли қоғозларини улар учун жуда машҳур бўлган Лондон фонд биржасига жойлаштира олмаслигига олиб келиши мумкин.

Британия Бош вазири, шунингдек, юздан ортиқ одам ва компаниянинг активларини музлатиш режалаштирилаётганини маълум қилди. 

“Бу Путиннинг уруш машинасини қўллаб-қувватловчи йирик саноат компанияларини ўз ичига олади”, деган Британия Бош вазири.

Бундан ташқари, Жонсон россиялик бойлар бойликларини қандай қўлга киритганини текширишга ваъда берди. 

“Олигархларнинг яширинадиган жойи қолмайди”, деган у.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

91

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг