Одамларнинг кўзи гўрга киргач очиладими ёхуд Ҳукумат қаерда хато қилди?
Таҳлил
−
29 Март 2020
43132Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарори билан жорий йилнинг 30 март соат 06:00 дан 20 апрель соат 00:01 га қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автомобиллар махсус рухсатнома (стикер)ларсиз бошқариш тақиқланиши ҳақида хабар берган эдик.
Автомобилларда ҳаракатланишнинг чекланиши кўплаб фуқароларда норозилик туғдиряпти. Хусусан, ўзини ўзи иш билан таъминлаган ёки йўналишсиз такси хизматини кўрсатиш орқали тирикчилик киладиган фуқароларни бу ҳол мушкул вазиятда қолдиряпти.
Бироқ оддий бир ҳақиқатни тан олиш керакки, айни вазият шуни тақозо этяпти. Ҳукумат кўнгли тусагани учун автомобиллар ҳаракатини тақиқламади. Аксинча, ҳозирги вазият давлатнинг иқтисодий ривожланиши ва бюджетга тушумни тўхтатиб қўйди. Давлат ҳозирги ҳаражатларни қоплаш учун заҳира маблағларини ишлатишига тўғри келяпти. Тиббиётда қандли диабет ёки қорасонга чалинган одамнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун унинг зарарланган тана аъзоси кесилади. Давлат ҳам ҳозирда халқини сақлаб қолиш учун шундай қурбонликлар қилишга мажбур бўляпти.
Коронавирус Ўзбекистонга кириб келгач, икки ҳафта давомида имкон қадар уйдан чиқмаслик, одамлар тўпланадиган оилавий тадбирларни ўтказмаслик сўралди. Аммо бундай вазиятда қандай ҳаракат қилиш кераклигини билмайдиган, бир сўз билан айтганда маданий дунёқараши шаклланмаган айрим одамлар расмий огоҳлантиришларни менсимай 100-150 кишилик тўй ва бошқа йиғинлар ўтказишда давом этяпти. Карантин қоидалари кучайтирилиб, жавобгарлик белгиланган шу кеча-кундузда уйига тумонат одам йиғиб, тўй қилаётганлар ҳам бор. Бу билан боғлиқ сурат ва видеолар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалмоқда. Натижада 14 кунда коронавирус юқтирганлар 133 нафарга етди. Уларнинг 2 нафари вафот этди. Хўш, халқнинг кўзи қачон очилади?
Давлатнинг асосий вазифаси фуқаролари саломатлигини ҳимоя қилиш, бу ниманинг эвазига бўлса бўлсин, аммо давлат аҳолисини ҳимоя қилиши керак. Айни ҳолатда давлатнинг чақириқларига қарамай, ўз билганини қилаётган фуқароларни ёш болага ўхшатиш мумкин. Ёшликда бола касал бўлгани учун дорини ўз хоҳиши билан ичмаса, мажбурлашдан бошқа чора қолмайди. Давлат ҳам ўз болаларини сақлаб қолиш учун мажбурлов аппаратини ишга туширишга мажбур бўляпти.
Автомобилларда ҳаракатланишни чеклаш эса фуқароларни одам гавжум бўладиган жойлар, масалан, бозорга боришдан тийиб туради. Тўғри, бу ҳолат қатор ноқулайликларни ҳам келтириб чиқаряпти. Мисол учун, рўзғор қилиш, ишга қатнаш ва шу каби... Аммо бу масалар ечимсиз қолаётгани йўқ. Бозор қилиш учун курьерлик хизматлари фаолияти сақлаб қолиняпти, аслида рўзғор учун зарур нарсаларни бугунги кунда ҳар қайси дўкондан ҳам топиш мумкин. Ишга бориш марказлаштирилган тартибда ҳал қилиняпти. Ташкилот ва корхоналар ходимлари учун автобуслар ташкил қиляпти. Вилоятдан Тошкентга келиб, уйига қайтолмай қолганлар, йўли тўғри келган автомобилларга миндирилиб, манзилига етказиляпти. Давлат ташкилотлари, ҳатто, Вазирлар Маҳкамаси ва вазирликларда ҳам имкон қадар масофадан ишлаш тартиби ўрнатиляпти.
Аммо яна бир масала борки, буни ҳал қилиш учун маҳалла раислари ва фаолларининг кўмаги зарур бўлади. Бу ҳам бўлса, ёлғиз яшовчи қариялар масаласи. Автомобиллар ҳаракати тўхтатилгач, ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олувчи яқинларининг ҳам имконияти чекланади. Шундай вазиятда Маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва фаоллар ёлғиз яшовчилар ҳолидан хабар олиб туриши, ҳудуддаги имконияти бор инсонлар эса қўлидан келганча моддий ёрдам бериши мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳар ҳолда бу бизнинг халқимизга ёт тушунчалар эмас-ку.
Тўғри, Ҳукуматда ҳам қайсидир маънода хатолик ўтди. Давлат бу чекловни жорий қилишда бошқачароқ йўл тутгани яхшироқ бўларди. Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида автомобиллар ҳаракатини бирданига эмас, бўлиб-бўлиб тўхтатганида эди, фуқаролар ваҳима кўтармаган бўлармиди. Ҳозир бу тақиқловни эшитган одамлар қиш ичи бўшаган озиқ-овқат заҳираларини тўлдириш учун бозорларга ёпирилди. Бир томондан одамларни ваҳима қилмасликка чақириб, иккинчи томондан кутилмаганда бундай қарор чиқариш ҳам тўғри эмас. Тасаввур қилинг, бозорда юрганлардан бири вирус юқтириб олган бўлса, нима бўлади? Бозорда вирус юқтирганлар уйига бориб, яна қанча одам билан мулоқот қилади? Шу ўринда Ҳукуматнинг қарорни эълон қилиш шаклини ёқлаб бўлмайди.
Бугун бутун дунёда Ўзбекистондаги каби ва ҳатто ундан қаттиқроқ чекловлар ўрнатиляпти. Ҳозирги вазиятда бутун Ўзбекистон халқи Европа ва АҚШдаги аҳволга қараб хулоса қилиши мақсадга мувофиқ бўларди. Кўз ўнгимизда дунёнинг энг ривожланган давлатлари биргина вирусни тизгинлай олмади. Қайтанги, Шарқ давлатлари – Хитой, Жанубий Корея, Япония, Сингапур янги коронавирусни тез назоратга олди ва ижобий натижаларга эришди. COVID-19 ўчоғи бўлган Хитой энг қаттиқ тартибларни ўрнатиб, 11 млн аҳоли яшовчи шаҳарни тўла изоляция қилиш, одамларни эса ўз мавзеларидан чиқишини тақиқлаш орқали 2 ой деганда коронавирусни деярли енгди. Ўзбекистондаги чораларни ҳатто россиялик тележурналист Андрей Малахов ҳам маъқуллаб чиқди. Россияда одамлар карантин вақти кабоблар тайёрлаб дам олаётганини қоралади. Ҳиндистонда эса полиция одамларни резина калтак билан уриб уйига ҳайдаяпти. Буларнинг бари ўша одамларнинг соғлиги учун қилиняпти.
Тиббиёти мисли кўрилмаган даражада ривожланган Европа давлатлари эса минглаб қурбонлар беряпти. Ҳозир рақамларга тўхталишнинг ҳожати йўқ. Чунки бу рақамлар ҳар сонияда янгиланяпти ва мунтазам одамларга етказиляпти.
Шундай экан, ҳурматли фуқаролар уйингиздан чиқмасдан, Ҳукумат ўрнатган тартибга амал қилинг ва вазият издан чиқишига сабабчи бўлиб қолманг. Наманганда қизидан коронавирус юқтириб олиб, вафот этган ва бирорта яқинларисиз сўнгги манзилга кузатилган онахоннинг тақдиридан хулоса чиқаринг.