Қозоғистонда куйдирги аниқланди. Қишлоқлардан бири карантинга олинган
Олам
−
04 Сентябрь
3088Қозоғистоннинг Олмаота вилоятидаги Улкен Аксу қишлоғи куйдирги туфайли карантинга олинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигига таяниб, “Tengrinews” хабар берди.
Расмий маълумотларга кўра, 1 сентябрь куни Уйғур туманидаги Улкен Аксу қишлоқ округида куйдирги касаллиги шубҳаси билан тўртта ҳолат аниқланган. Инфекция юқишига ҳайвон сўйиш пайтида ветеринария назоратига амал қилинмагани сабаб бўлган бўлиши мумкин.
“Шуни таъкидлаш керакки, куйдирги касаллиги одамдан одамга юқмайди. Касалликнинг асосий манбаи қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари (қорамол, от, қўй, эчки), шунингдек, узоқ вақт давомида ифлос тупроқда сақланиб қолган споралар бўлиши мумкин”, дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.
Таъкидланишича, касалликнинг сабабларини аниқлаш учун ветеринария инспекцияси ва Олмаота вилояти ҳокимлиги билан биргаликда қишлоқ аҳолисининг уйида хомашё ва гўшт маҳсулотларининг, шунингдек, ҳайвонлар сўйилган жойдаги тупроқ намуналари олинган.
Хабарга кўра, Республика ветеринария лабораторияси тўпланган материалларни “Bioprocess” микроскопи ва ПЦР усули билан тадқиқ қилган. Бактериологик тадқиқотлар натижалари кутилмоқда. Таҳлил материаллари Олмаотадаги ветеринария бўйича миллий референт марказига юборилган. Жорий йилнинг 12 август куни ушбу аҳоли пунктидаги ҳайвонлар куйдиргига қарши эмланган.
Қайд этилишича, ҳозирда аҳоли пунктида дезинфекция ишлари олиб борилмоқда, беморларнинг шахсий хўжалигидаги қорамоллар карантинга олинган. Барча беморларнинг аҳволи ўртача деб баҳоланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон аҳолиси орасида куйдирги касаллиги аниқланган эди.
LiveБарчаси