Умрага бориб келган аёлнинг 5 қариндоши ва онасига қараган ҳамшира коронавирусга чалинди
Жамият
−
29 Март 2020
20411Наманган вилоятида COVID-19 коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморлар сони 12 нафарга етди. 29 март куни аниқланган коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 29 та янги ҳолатнинг олтитаси Наманган вилоятида қайд этилган. Бу ҳақда Наманган вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи ўринбосари Давлатали Қосимов маълум қилди.
Туркия орқали Умра сафарига бориб келган ва коронавирус юқтиргани аниқланган аёлнинг онаси, синглиси, қизи ҳамда неварасига вирус юққани ҳақида хабар берган эдик.
Бугун, 29 мартга келиб ушбу аёлнинг карантин кузатувида бўлган яна беш нафар қариндошида — бошқа бир синглиси, синглисининг келини, акаси, акасининг рафиқаси, жияни ҳамда унинг онасига тиббий хизмат кўрсатиб келган патронаж ҳамширасида — жами олти нафар фуқарода коронавирус инфекцияси борлиги аниқланди.
Ҳозирги кунда ушбу фуқаролар билан оилавий яқин мулоқотда бўлганларнинг барчаси вилоят юқумли касалликлар шифохонасига, иккиламчи мулоқотда бўлганлар эса махсус жиҳозланган изоляторларга жойлаштирилган. Уларнинг соғлиги малакали мутахассислар томонидан назорат қилиб борилмоқда.
Аввалроқ, Умрага боирб келган аёлнинг 72 ёшли онаси коронавирус юқтиргани ва вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Ачинарлиси, аёлнинг жанозаси ва дафн маросимида бирорта ҳам оила аъзоси ва яқинлари иштирок этмаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтга келиб, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар 133 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь