Наманганда 51 ёшли шахс 3 кг “гашиш” билан қўлга тушди
3-саҳифа
−
09:43 647 1 дақиқа
Наманган шаҳрида 3 килограмм “гашиш” гиёҳвандлик воситасини сотаётган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбири доирасида вилоят ИИБ ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида 1975 йилда туғилган, Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро ўзидаги гиёҳвандлик воситасига ўхшаш моддани шартли харидорга келишилган пул эвазига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Шундан сўнг унинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилган. Натижада у ердан гиёҳвандлик воситасига ўхшаш моддалар, уларни қадоқлашда фойдаланилган полиэтилен ўрамлар ҳамда бир жуфт резина қўлқоп олиб қўйилган.
Экспертиза хулосасига кўра, фуқаронинг ёнидан ва яшаш хонадонидан олинган моддаларнинг таркибида тетрагидроканнабинол мавжуд бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси экани аниқланган. Уларнинг умумий оғирлиги 3 килограммни ташкил этган.
Гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирларда жами 3 кг дан ортиқ гиёҳвандлик воситалари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддалар бор дори воситалари аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси