Нурсултон Назарбоевнинг собиқ келини қамалди
Олам
−
30 Август
7546Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалдининг собиқ рафиқаси Гулмира Сатибалди 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда “Orda.kz” хабар берди.
Манбага кўра, Назарбоевнинг собиқ келини “ноқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш”, шунингдек, “товламачилик” ва “ўзбошимчалик” моддалари бўйича айбдор деб топилган. Бундан ташқари, унинг ҳайдовчиси Мади Ботиршаев “ноқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш” моддаси бўйича тўққиз йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Суд қамоқ жазосидан ташқари Сатибалдидан 2,6 миллиард тенге миқдоридаги моддий зарарни, шунингдек, маънавий зарар сифатида яна 10 миллион тенгени ундиришга қарор қилди. Ўз навбатида, Ботиршаев ҳам жабрланувчига икки миллион тенге маънавий зарар тўлаши зарурлиги белгиланди.
Маълумот учун, 2022 йил 17 март куни Қозоғистон коррупцияга қарши курашиш хизмати Гулмира Сатибалди собиқ турмуш ўртоғи билан биргаликда содир этган бизнесни босқинчилик йўли билан эгаллаб олганликда гумонланиб ҳибсга олинган эди. Шунингдек, у 2021 йилда бюджет маблағларини ўзлаштирганликда ва 2017 йилда Олмаота шаҳрида Универсиада объектларига давлат томонидан қурилиш-монтаж ишлари учун ажратилган пулларни ўғирлаганликда гумон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалдининг қамоқ жазоси енгиллаштирилиб, етказилган зарар тўлиқ қопланиши муносабати билан қамоқ муддатининг қолган қисми озодликни чеклаш билан алмаштирилган эди.