Назарбоевнинг жиянига берилган қамоқ жазоси енгиллаштирилди
Олам
−
16 Август
3654Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалдининг қамоқ жазоси енгиллаштирилиб, етказилган зарар тўлиқ қопланиши муносабати билан қамоқ муддатининг қолган қисми озодликни чеклаш билан алмаштирилди. Бу ҳукмни Уст-Каменогорск шаҳар 2-суди чиқарган.
Суд баёнотида таъкидланишича, Сатибалди ўз аризасида жазони енгилроқ турдаги жазога алмаштириш бўйича қонуннинг барча талабларини бажарганлигини кўрсатган. Хусусан, у суд ҳукми билан етказилган зарарни қоплаган ва умумий қиймати 700 миллиард тенгедан ортиқ бўлган мол-мулкни ихтиёрий равишда давлат ҳисобига ўтказган. Шунингдек, Сатибалди жазо муддатининг 1/3 қисмини ўтаган ва ахлоқ тузатиш муассасаси маъмурияти томонидан ижобий таърифланган.
“Юқоридагилардан келиб чиқиб, суд маҳкумнинг илтимосномасини қаноатлантириб, жазонинг ўталмаган қисмини 3 йил 3 ой 7 кун муддатга озодликдан чеклаш жазоси билан алмаштирди. Сатибалдига нисбатан пробацион назорат ўрнатилди”, дейилади суд хабарида.
Қайд этилишича, агар Сатибалди доимий иш жойига эга бўлмаса, жазони ўташнинг бутун муддати давомида ҳар йили 100 соат мажбурий меҳнатга тортилади. Суд ҳукми ҳали кучга кирмаган.
Қозоғистон Коррупцияга қарши кураш хизматига кўра, 2022 йилдан буён Қайрат Сатибалди ва унга алоқадор шахслар томонидан ноқонуний йўллар билан қўлга киритилган 732,8 миллиард тенге ёки 1,5 миллиард доллар миқдоридаги мулкий активлар ва маблағлар, жумладан, хорижда аниқланган 661,5 миллион доллар қайтарилган. Қайтарилган активлар орасида Австрия, Лихтенштейн, БАА, Туркия каби мамлакатларда жойлашган маъмурий бинолар, эксклюзив заргарлик буюмлари, ҳашаматли уйлар, квартиралар ва автомобиллар, компаниялардаги улушлар ҳам бор.
Маълумот учун, Қайрат Сатибалди бахтсиз ҳодисада вафот этган Сатибалди Назарбоевнинг ўғлидир. Қайрат Сатибалди “Forbes Kazakhstan” талқини бўйича мамлакатнинг энг нуфузли бизнесменлари рўйхатига киритилган.
У 2022 йил 26 сентябрда “Казактелеком” АЖ ва “ЦТС” АЖда ўта катта ҳажмдаги ўғрилик учун олти йилга озодликдан маҳрум этилганди. Шунингдек, унга 10 йил давомида давлат ташкилотларидаги юқори лавозимларда ишлаш тақиқланган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қозоғистон Республикасининг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг яна бир жияни, Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) раисининг собиқ биринчи ўринбосари Самат Абиш 8 йилга шартли озодликдан маҳрум этилганди.