Норвегия Россия дипломатларини персона нон грата деб эълон қилди

Олам

image

Норвегия ҳукумати Россия элчихонасининг 15 нафар ходимини персона нон грата деб эълон қилди. Бу ҳақда бугун, 13 апрель куни Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Вазирлик мазкур қарорни Европадаги хавфсизлик вазиятининг ўзгариши ҳамда Россия томонидан разведка таҳдидининг ортгани билан изоҳлаган. Россиялик дипломатларга яқин орада Норвегия ҳудудини тарк этиш буюрилган.

“Бу Норвегиядаги Россия разведкаси фаолиятига қарши курашиш ва уни пасайтириш, шу тариқа миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишда муҳим қадамдир”, деган Норвегия Ташқи ишлар вазири Анникен Хюитфельдт.

Унинг таъкидлашича, Россия ҳозирда Норвегия учун энг катта разведка таҳдидини келтириб чиқармоқда. 

“Биз бунга жуда жиддий қараймиз ва ҳозир Россия разведкасининг мамлакатимиздаги фаолиятига қарши чоралар кўрмоқдамиз. Биз россиялик разведка агентларининг Норвегияда дипломатик ниқоб остида фаолият юритишига йўл қўймаймиз”, дейди Норвегия ТИВ раҳбари.

Маълумот учун, персона нон грата дипломатик атамаси мезбон давлат ёки давлатлар иттифоқи ҳокимияти томонидан рухсат берилмаган чет эл шахсини, шунингдек, қабул қилувчи давлат ёки давлатлар иттифоқи ҳукумати томонидан номақбул деб эълон қилинган дипломатик вакилни англатади. Бундай шахслар тез фурсат ичида мамлакатни тарк этиши талаб қилинади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эстонияда бир нафар, Германияда эса 30 нафар россиялик дипломат персона нон грата деб эълон қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Норвегия персона нон грата россиялик дипломат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг