Каннаваро Россиядан учралган мағлубият сабабини тушунтирди

Спорт

−

image

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Россияга қарши учрашувдаги мағлубиятни жамоанинг 2:0 ҳисобидаги устунликдан кейин ғалабани олдиндан нишонлагандек ҳаракат қилиши билан изоҳлади. Бу ҳақда у ўйиндан кейинги матбуот анжуманида гапирди.

“Биз яхши ўйин ўтказдик, бироқ ҳисоб 2:0 бўлиб турган паллада “моторни ўчириб қўйдик”. Ўйин тақдирини ҳал қилдик ва ғалаба қозондик, деб ўйладик. Бу биз учун жуда катта дарс бўлди. Ҳакамнинг финал ҳуштаги чалинмагунча футбол тугамаслигини тушуниб етишимиз керак. 90, 95, ҳатто 98-дақиқагача ўйин ичида бўлиш шарт. Ҳозир кийиниш хонасида ҳам йигитларга айтдим: футбол баъзида жуда шафқатсиз ва адолатсиз бўлади. Қўпол сўз учун узр сўрайман-у, лекин яхши ўйнаб туриб ҳам мағлуб бўлганингизда футбол нақадар ёқимсиз нарсага айланишини ҳис қиласиз”, дейди Каннаваро.

Мураббий бугунги баҳсдаги яна бир муаммо тўп назорати билан боғлиқ бўлганини айтди. Унинг таъкидлашича, футболчилар узун паслардан кўп фойдаланиб, оддий вазиятларда ҳам тўпни назорат қилишда хатоларга йўл қўйишган.

“Бугунги баҳсни аввалги учрашувлар билан таққосласак, асосий фарқ тўп назоратида кўринди. Биз жуда кўп узун паслар билан ўйнадик ва тўпни оддий вазиятларда назорат қилишда кўплаб хатоларга йўл қўйдик. Тўпни бу тариқа кўп йўқотганингиздан кейин тўпсиз кўпроқ югуришга ва жуда кўп куч сарфлашга мажбур бўласиз. Ҳатто биринчи бўлимда ҳам шундай хатоларга йўл қўйдик”, дейди мурабий.

Каннаваро Россия ва Жанубий Корея каби кучли терма жамоаларга қарши ўйинларда футболчиларга кўпроқ характер ва совуққонлик зарурлигини таъкидлади. 

“Россия ёки Жанубий Корея каби кучли терма жамоаларга қарши баҳсларда бизга кўпроқ характер ва совуққонлик керак. Тўп билан кўпроқ муомала қилиб, вазиятни ўз қўлимизда ушлашга интилишимиз лозим. Бироқ бугун жуда алам қилгани шуки, йигитлар яхши ўйин намойиш этишди – индивидуал хатоларни ҳисобга олмаса, уларга эътирозим йўқ”, дейди Каннаваро.

Эслатиб ўтамиз, 12 ноябрь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкентда Россияга қарши халқаро ўртоқлик учрашувида 2:0 ҳисобида олдинда бораётганига қарамай, сўнгги 10 дақиқада дарвозасидан учта гол ўтказиб юборди ва якунда 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг