Норбоева Соғлиқни сақлаш вазирини “разбор”га чақирди. Зиддият кескинлашяпти (видео)

Жамият

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева ва Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ўртасидаги муросасиз ва ҳар сафар қалтис тус олиб бораётган зиддиятлар давом этмоқда. Вазир Алишер Шодмонов Сенатнинг ялпи мажлисига яна келмаган. Шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов ҳам Сенат мажлисига келмади. 

Хабарингиз бор, бугун, 28 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Танзила Норбоева йиғилишга яна Алишер Шодмонов келмаган, парламент сўровига эса юзаки маълумотнома орқали жавоб бергани, Сенат уни қайтариб юборса ҳам, деярли катта ўзгариш бўлмаганини танқид қилди. Сенат раиси сўзида Шодмонов иккинчи бор парламентга чақирилганда, келмаётганини айтаркан, Вазирлар Маҳкамаси вакиллари олдига қатъий талаблар қўйди. 

“Тушунтириш хати берсин. Иккинчи маротаба. Биз биринчи марта Соғлиқни сақлаш вазирига бизни хатимиз бўйича жазо бергандинглар. Уларга тааллуқли эмасдек бу масалалар. Мана ҳозир айтилган ижтимоий ходим масаласи Соғлиқни сақлаш тизимига қарашли. Нима учун Ҳукуматнинг олдига шу масалаларни кўтариб чиқмайди? Шуларнинг тизимини “ставка”сини кўпайтириш керак. Ёки бўлмаса ижтимоий ходим давлатимизда етишмаяпти, олий таълим муассасалари “квота”сини оширсин. Ёки психологларни кўпайтирайлик. Нима учун шу масалаларни кўтариб чиқмаяпти? Буларни тартибга чақирадиган департамент борми? Бор-ку тўғрими? Кураторлар бор, ўзим қанча ишлаганман шу масалаларда. Ҳозир бу йўналишда Бош вазир ўринбосари йўқ. Шунинг учун департамент бу масалага қаттиқроқ киришиши керак. Вазирларни чақириб, қаттиқроқ “разбор” қилинглар. Бўлмайди бунақада, Парламент сўровига номига хат, шунчаки маълумотнома қилиб киритиб юбординглар. Ундан кейин бу маълумотномани қайтариб юбордик, кейин яна тўғрилаб бердинглар. Тўғрилаганда ҳам шунча саволлар бор. Ҳеч қандай иш қилинмаган. Ҳозирча бу қарорни қабул қиламиз, лекин бу масалани ҳеч қачон назоратдан олмаймиз. Охиригача етказмагунча қўймаймиз. Бориб керак бўлса Бош вазирга ҳам айтаман. Бу масала билан мутлақо шуғулланмаяпсизлар”, дейди Норбоева Вазирлар Маҳкамаси вакилларига юзланиб. 

 

НОРБОЕВА VS ШОДМОНОВ: ЗИДДИЯТ ҚАЧОН БОШЛАНГАНДИ?

Маълумот ўрнида, Сенат раиси Танзила Норбоева ва Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ўртасидаги зиддиятлар ўтган йилнинг декабрь ойида куртак очган эди. Воқеалар хронологияси қуйидагича эди: 

24 декабрь куни Олий Мажлис Сенати кенгашининг умумий овқатланиш корхоналари ва таълим тизимида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигига оид қонун ҳужжатларининг ижросини ўрганиш натижаларига бағишланган мажлис бўлиб ўтди. Унга таклиф қилганига қарамай, Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов иштирок этмади

Норбоева ушбу йиғилишда, “Соғлиқни сақлаш тизимида ҳам соғлом овқатланишни тарғиб қилиш, аҳолига тушунтириш, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ишлар умуман қониқарсиз. Шунга қарамай бугунги мажлисга на Соғлиқни сақлаш вазири келди, на вазир ўринбосари. Одамлар, болалар заҳарлаверсин, буларга фарқи йўқ. Манфаатдор идоранинг ушбу масалага муносабати шуми?!”, деган эди. 

25 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида коррупция ҳолатлари ҳамда уларни келтириб чиқараётган шарт-шароитларни муҳокама қилишга бағишланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов иштирок этиб, Шодмоновдан бир кун аввал Сенатда бўлиб ўтган йиғилишга нима сабабдан бормаганини сўради

Шодмонов Абдувоҳидовнинг саволига жавоб бераркан, “Ҳамма мажлисларга борганман, лекин бунисига таклиф қилинмаган эдим”, деди. 

Айни йиғилишда иштирок этаётган Сенат вакили сўз олиб, йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбариятининг иштирок этишини таъминлаш учун 18 декабрь куни вазирликка расмий хат киритилганини маълум қилди. 

Шундан сўнг, 25 декабрь оқшомида Сенат қуйидаги баёнотни эълон қилди:

“Мажлисда соғлиқни сақлаш вазирининг мазкур масала юзасидан ахборот бериши кўзда тутилган бўлишига қарамасдан, вазирлик раҳбарияти Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг расмий хатини (18.12.2019 йилдаги 09-17/2549-сонли хат) эътиборсиз қолдириб, номаълум сабабларга кўра мажлисда иштирок этмади.

Бироқ, соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ушбу ҳолатни батафсил ўрганмасдан, шу йил 25 декабрда Бош прокуратурада бўлиб ўтган йиғилишда Сенат Кенгашининг кенгайтирилган мажлисида иштирок этиш учун ёзма таклиф келиб тушмаганлигини билдирган.

Шу ўринда  таъкидлаш жоизки, Олий Мажлис Сенатининг тегишли Қўмитаси хати 2019 йил 20 декабрь куни фельдалоқа хизмати орқали етказилган ва шу куни соат 11:45 да Соғлиқни сақлаш вазирлигининг масъул ходими  томонидан қабул қилиб олинган.

Соғлиқни сақлаш вазирининг мазкур хатти-ҳаракатлари ва вазирликдаги ижро интизомини кучайтириш чораларини кўриш мақсадга мувофиқлиги юзасидан Олий Мажлис Сенати томонидан Вазирлар Маҳкамасига тегишли хат юборилди”.

Сенат хатига асосан Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг кенгайтирилган мажлисда иштирок этмаганлиги ҳолати ўрганиб чиқилди. 

Соғлиқни сақлаш вазирига вазирликда ижро интизоми тизимли йўлга қўйилмаганлиги ҳамда Олий Мажлис Сенатининг мурожаатига масъулиятсизлик билан ёндашилганлиги кўрсатиб ўтилди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ижро интизоми бузилишига йўл қўйган масъул ходимларига нисбатан интизомий чоралар кўрилди.

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳам Соғлиқни сақлаш вазирига тиш қайраб, Парламент сўровига вазир жўнатган жавоб депутатларни қониқтирмагани хусусида баёнот берганди
 


Мақола муаллифи

Теглар

Танзила Норбоева Алишер Шодмонов

Баҳолаганлар

653

Рейтинг

4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг