Норбоева 2017 йилгача зўравонлик ҳақида гапирганлар ишдан кетказилганини айтди
Жамият
−
12 Ноябрь 2020
6613Ўзбекистонда 2017 йилгача гендер сўзинги ишлатишга тақиқ бўлган. Аёлларга нисбатан зўравонлик ҳақида оғиз очганлар эса ишдан бўшатилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия раиси Танзила Норбоева бугун, 12 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
“Гендер тенгликни таъминлаш ва гендер ибораси ишлатилмас эди. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз вазифаларига киришганларидан кейин Гендер тенглик ҳақида биз баралла айта оладиган бўлдик. Умуман гендер тенгликни таъминлаш масаласи бутун дунёда тан олинган. Бу ибора барча халқаро ҳужжатларда мавжуд. БМТнинг барча конвенциялар, ташкилот таркибига кирувчи бошқа халқаро муасассаларнинг декларациялари, турли халқаро ҳужжатларида бу масала қизил чизиқ билан белгиланган.
Барча инсон ҳуқуқлари бўйича олиб борилаётган ишларда айнан Гендер тенгликни таъминлаш орқали ҳамма чора-тадбирлар амалга оширилиши керак. Ҳатто, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом банки, Халқаро валюта фонди ва шунга ўхшаш молиявий, иқтисодий масалаларни кўриб чиқадиган халқаро молия институтлари ҳам ўзларининг лойиҳаларини у ёки бу мамлакатларда амалиётга тадбиқ этишнинг асосий шарти сифатида Гендер тенглик масаласини илгари суришади. Шунинг учун биз жуда кўп инвестицияларни олиб келиш, Ўзбекистонда хотин-қизлар, эркаклар тенглигини таъминлаш масаласига яхши ёндоша олмас эдик. Ва Халқаро рейтингларда ҳам бизнинг баҳоларимиз жуда паст даражада бўлар эди. Чунки гендер тенгликни таъминлаш масалаларининг ўзига хос кўрсаткичлари бор, айнан шу кўрсаткичларда биз ҳам бошқа ривожланган мамлакатлар қаторида тақдим этишимиз керак бўлган ҳисоботлар мавжуд эди. Лекин биз уни ўз вақтида тақдим қилмасдик. Чунки гендер иборасини ҳам тан ололмас эдик. Бу кўрсаткичлар ва натижаларни айтмаслигимиз халқаро рейтингларга Ўзбекистоннинг киритилмаслигига сабаб бўлар эди.
Шу билан бирга аёлларнинг ўрни, тенг ҳуқуқ, тенг имкониятга эга экани ҳақидаги саволларга жавоб беролмас эдик. Мамлакатимиз доим бутун дунё миқёсида тузиладиган рейтингдан жой олмасди.
Давлатимиз раҳбари 2017 йилнинг биринчи кунидан бошлаб халқ билан мулоқот тизимини жорий қилдилар ва бунда асосий эътиборни биринчи бўлиб аёллар ва оилалар дардига қаратишни айтдилар.
2017 йилда Президентимиз лавозимларига киришганларидан кейин қонунчилик базасининг такомиллаштирилиши йўлга қўйилди. Ҳозир шу даврада ўтирганларнинг кўплари гувоҳ, ўша вақтда ишлашган. Биз аёллар ва эркакларга тенг имкониятлар тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқиш керак деб айтсак ҳам, гапимизга қулоқ солишмаган.
Ўша пайтлар шунақа давр эди. Мен у даврни ёмонламоқчи эмасман. У вақтлар ҳам ўзига хос ишлар қилинган. Лекин ўша даврда бу нарса гапирилмас эди. Конституцияда эркаклар ва аёллар тенг ҳуқуқли экани ёзилган. Меҳнат кодексида маош тўланиши, ишга қабул қилишда муаммо йўқлиги, Соғлиқни Сақлаш тизимида ҳам ҳаммага бир хил имконият борлиги, Таълимда ҳам бир хил шароит яратилганини айтиб, “бу каби қонун бизга нега керак?”, деган жавобни беришарди. Шунинг учун бу масала тўғрисида биз гапира олмаганмиз.
Бундан ташқари, биласизки, ҳаётда зўравонлик ҳолатлари, жудаям кўп. Ўша вақтда бир маҳаллада зўравонлик бўйича таҳлил ўтказилди деган гап чиқиб кетган. Ўша вақтда раҳбар ходимлар "зўравонлик" сўзини ишлатгани учун ишдан ҳам кетган. Бу ерда ўтирганлар тирик гувоҳ.
Ёки яна бир мисол, Вазирлар Маҳкамасида ишлаган пайтларимда раҳбарлардан гендер деган сўз ишлатиш мумкин эмас, деган гапларни эшитардим. Лекин нима учунлигини тушунмасдик.
Гендер – аёлларнинг эркаклардан ўзиб кетиши эмас, гендер – эркак ва аёлларга тенг имконият берилиши, холос. Тенг ҳуқуқ ва имконият берилиши. Қолгани эса ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ. Aгар аёл киши уйда ўтираман, болаларимга қарайман, менга шуниси маъқул деса, бу ҳам унинг танлови. Ҳеч ким уни уйда ўтирган, ишламаган деган рўйхатларга киритишга ҳаққи йўқ”, дейди Норбоева.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2019 йилда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган икки муҳим қонун қабул қилинди. “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги икки қонунни қабул қилиш бўйича илк ташаббуслар бундан 15 йил аввал илгари сурилган эди.
LiveБарчаси