Нигоҳлар тўқнашди. Навбат жангга
Спорт
−
17 Ноябрь 2023
5777Бугун, 17 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги “Ҳумо арена”да профбокс оқшоми бўлиб ўтади. 16 ноябрь куни эса турнир олдидан вазн ўлчаш ва face-to-face маросими бўлиб ўтди.
Вазн ўлчаш маросимида барча иштирокчилар керакли меъёрни бажарди.
Бокс жанглари стартидан аввал муай-тай баҳси бўлиб ўтади. Миллий муай-тай камари учун икки Ўзбекистон вакили тўқнаш келади. Бекзоджон Тожиев Сабит Ақилбековга қарши жанг қилади.
Эътиборлиси, жанг оқшомида бир нечта WBC камарлари учун тўқнашувлар ҳам бўлиб ўтади.
Биринчи ўрта вазнда WBC International камари учун АҚШ вакили Эрмал Ҳадрибей мексикалик Карлос Молина билан тўқнаш келади.
Биринчи ярим ўрта вазнда WBC Central Asia камари учун ўзбекистонлик Мужибилло Турсунов Янгченг Жин билан куч синашади.
Ўрта вазнда WBC Elimanator жангида Қозоғистон вакили Мейирим Нурсултанов чилилик Хулио Аламосга қарши рингга кўтарилади.
"Co main event" жанги иккинчи ўта енгил вазнда WBC вақтинчалик чемпионлик камари учун икки мексикалик бокчилар Педро Гуевара ва Карлос Куадрас жанг қилади.
WBC Central Asia турнири финалида икки Ўзбекистон вакили тўқнаш келади. Анвар Туропов ва Суҳроб Қаюмов дуэли ўз вазнида Марказий Осиёда энг зўр профбоксчи ким эканлигини аниқлаб беради.
Мейнкардда Ўзбекистон вакилларидан Абдумалик Халоков ярим енгил вазнда украиналик тажрибали боксчи Александр Егоров билан баҳслашади. Бу Абдумаликнинг профбоксдаги дебюти эканлигини инобатга олсак, тўқнашув анча шиддатли ва ҳаяжонли ўтиши аниқ.
Ярим ўрта вазнда Қудратилло Абдуқаҳҳоров танзаниялик Маоно Алли билан 8-раундлик жангда иштирок этса, энг енгил вазнда Миразизбек Мирзаҳалилов хитойлик Рунки Жоу билан куч синашади.
Ниҳоят марказий жанг – супероғир вазнда 10 раундлик жангда Баҳодир Жалолов ЖАР вакили Крис Томпсонга қарши рингга чиқади. Айтиш жоизки, иккала чарм қўлқоп устаси ҳам face-to-face'да узоқ бир-бирига тикилиб турди. Бир-биридан ҳайиқмаган иккала боксчи ҳам нокаутгача ғалаба учун курашса ажабмас.
WBC'нинг 61-Конвенцияси доирасидаги расмий тадбирлар ниҳоясига етди. Тошкент меҳмонларининг аксарияти ўз юртига ёки бошқа давлатларга жўнашга ҳам улгурди. Америкалик афсоналар Тайсон ва Холифилд ҳозирча Тошкентда. Тайсон кеча Тошкент бўйлаб саёҳат қилди, Ўзбекистон Профессионал бокс федерацияси вице-президенти Ғофур Раҳимов бошчилигида ўзбек миллий таомларидан баҳраманд бўлди. Эвандер Холифилд эса Ўзбекистон Паралимпия қўмитасининг базмида меҳмон бўлиб, ўзбекона тўй тахминан қанақа ўтишини гувоҳи бўлди. Холифилд Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров куйлашни бошлганида ўз ўрнида ўтира олмади ва рақсга туша бошлади.
Бугун икки боксчи ҳам “Ҳумо арена”да ўзбекистонлик боксчилар иштирокидаги жангларни томоша қилади ва шу билан уларнинг Ўзбекистондаги саёҳати ниҳоясига етади.