Нидерландия Украинага сўнгги F-16 самолётини жўнатади

Олам

image

Бугун, 26 май куни Нидерландия ҳукумати Украинага ўзининг сўнгги F-16 қирувчи самолётини юборади. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазири Рубен Брекельманс WNL op Zondag дастурига берган интервьюсида сўз очди.

Унинг сўзларига кўра, ушбу етказув ваъда қилинган барча F-16 қирувчи самолётларининг энг охирги партияси саналади.

“Бу шуни англатадики, ваъда қилинган жами 24 та ҳарбий самолёт яқин орада Украинада бўлади”, деган Мудофаа вазири.

Вазирнинг қўшимча қилишича, Россияга нисбатан босимни ошириш ва Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттириш керак. У шунингдек, илгари эълон қилинган ёрдам пакетига қўшимча равишда сўнгги F-16 самолёти шу ҳафта расмий тарзда Украинага юборилишини тасдиқлаган.

“Бундан ташқари, биз украиналик учувчилар ва техник ходимларни ўқитяпмиз, ҳарбий стратегияларимиз билан бўлишяпмиз – бу Украинага НАТО стандартларига мос замонавий армияни барпо этишга ёрдам беради”, деган вазир.

Маълумот учун, Бельгия, Дания, Нидерландия ва Норвегия Украинага жами 79 та F-16 қирувчи самолётини беришга рози бўлган. Нидерландия 24 та самолётни топширишни ваъда қилган, чунки мамлакат F-35 қирувчи самолётларига ўтиши муносабати билан уларга эҳтиёж сезмайди. Ушбу мамлакатдан илк самолётлар Киевга ўтган йилнинг июль ойида етиб борган. “Times” нашрига кўра, ўшанда олти қирувчи самолёт топширилган. 2024 йил декабрь ойининг бошида эса Украина Президенти Владимир Зеленский Даниядан келган иккинчи партия F-16 самолётлари ҳақида хабар берган, аммо қанча самолёт етказиб берилгани очиқланмаган. Лекин 2024 йил давомида Украина жами 20 та қирувчи самолёт олишини кутаётганди. Нидерландия, шунингдек, украиналик учувчиларга F-16 самолётларида учишни ўргатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинага иттифоқчилар томонидан етказиб берилган F-16 қирувчи самолётларидан бири жанговар топшириқни бажариш вақтида йўқолганди. Қолаверса, жорий йилнинг апрель ойи ўрталарида Украина Ҳаво кучлари капитани Павло Иванов F-16 самолётида жанговар топшириқни бажариш чоғида ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Украина Президенти Владимир Зеленский Ивановга вафотидан сўнг “Украина Қаҳрамони” унвонини берган. Россия Мудофаа вазирлиги ҳам F-16 самолётининг уриб туширилгани ҳақида маълум қилган, аммо тафсилотларни очиқламаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина F-16 Нидерландия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг