Нетаньяху Трампни Эронга зарба беришга ундади
Олам
−
19:08 964 3 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп жорий йилнинг 31 октябрь куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан телефон орқали Эрон билан олиб борилаётган музокаралар ва ҳарбий ҳаракатларни қачон қайта бошлаш масаласи юзасидан мулоқот ўтказди. Бу ҳақда Исроил ва АҚШнинг икки манбасига таяниб, “Axios” хабар берди.
Манбалар маълумотларига кўра, Нетаньяху Трампни жорий йилнинг 3 ноябрь куни бўлиб ўтадиган оралиқ сайловлардан кейин дарҳол Эронга зарба беришга ундамоқда. Бироқ Трамп ҳозирча музокаралар натижасини кутиш тарафдори. Бу эса Исроил Бош вазирини хавотирга солмоқда.
Исроил манбаси икки давлат раҳбари ўртасидаги суҳбатни “кескин”, америкалик манба эса “тўғридан тўғри ва очиқ” деб таърифлаган. Оқ уй ва Исроил Бош вазири идораси ушбу мулоқот юзасидан изоҳ беришдан бош тортган.
Нашр маълумотларига кўра, Трамп 2025 йил июнь ойидаги “Midnight Hammer” ва 2026 йил февраль ойидаги “Epic Fury” операциялари олдидан бўлгани каби бир вақтнинг ўзида икки йўналишда ҳаракат қилмоқда. У бир томондан тинчлик музокараларини қайта бошлаш бўйича келишувга эришишга уринмоқда, иккинчи томондан эса оралиқ сайловлардан кейин йирик ҳарбий операцияларни қайта бошлаш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Ўтган ҳафта АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Эрон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Муҳсин Ризоийга музокараларни қайта бошлаш имконияти юзасидан мактуб юборган. Бу сўнгги бир неча ой ичида Вашингтоннинг Теҳрон билан энг юқори даражадаги мулоқотга уриниши бўлган.
Трамп жорий йилнинг 31 октябрь куни журналистлар билан суҳбатда Эрон билан музокаралар “яхши кетаётганини” айтган ва ҳозирча шошилмаётганлигини билдирган. Унинг айтишича, Эрон келишувга эришишни хоҳлаяпти, бироқ Теҳроннинг ваъдаларига тўлиқ ишониб бўлмайди.
“Улар келишувга эришади, кейин эса ундан воз кечади”, деган АҚШ Президенти.
Шу билан бирга, Трамп Эрондаги бир ёки иккита ядровий объект масаласини ҳал қилиш зарурлигини ҳам айтган.
“Биз буни 10 дақиқа ичида амалга оширишимиз мумкин. Бунинг учун режамиз бор. Пикакс-Маунтин объектини кўришингиз мумкин. Биз бу масалани ҳал қилишимиз керак. Буни жуда тез амалга ошира оламиз”, деган у тоғ ичида жойлашгани тахмин қилинаётган ядровий объектга ишора қилиб.
Шунингдек, кеча, 1 ноябрь куни Қатар воситачилари Эрон расмийлари билан кетма-кет учинчи кун учрашув ўтказган. Музокаралардан мақсад АҚШ ва Эрон ўртасида тўғридан тўғри мулоқотни қайта бошлаш бўйича келишувга эришишдан иборат бўлган.
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчининг маълум қилишича, ҳозирча ҳеч қандай келишувга эришилмаган. Унинг сўзларига кўра, натижа АҚШ томони Эроннинг саволларига жавоб бериш-бермаслигига боғлиқ.
“Биз бу борада барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқдамиз ва қарши томон дипломатияни бошқа йўллардан устун қўйиш учун етарлича оқилона қарор қабул қилишидан умидвормиз”, деган Ароқчи.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нетаньяху Оқ уйда Трамп билан Эрон ядровий дастури масаласини муҳокама қилган эди.
Жасмина Муртазоева
Live
Барчаси