Нетаньяху Оқ уйда Трамп билан Эрон ядровий дастури масаласини муҳокама қилди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Эроннинг ядровий дастурини чеклаш бўйича дипломатия, иқтисодий босим ва ҳарбий куч ишлатиш каби барча эҳтимолий чораларни муҳокама қилди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги Исроилнинг юқори лавозимли мулозимига таяниб хабар берди.

Исроил расмийсининг журналистларга маълум қилишича, Нетаньяху Оқ уйда бўлиб ўтган учрашувда Трампга Эронга қарши янги ҳужумларни амалга ошириш Исроилнинг устувор танлови эканини айтмаган.

“Якуний қарор унинг қўлида”, деган исмини ошкор қилмаган манба Трампга ишора қилиб.

Унинг сўзларига кўра, муҳокамаларда учта асосий вариант кўриб чиқилган: музокаралар орқали келишувга эришиш, блокада ва иқтисодий босимни давом эттириш ҳамда кенг кўламли ҳарбий зарба бериш. Шунингдек, Нетаньяху бир қатор қўшимча таклифларни ҳам билдирган, аммо уларнинг мазмуни очиқланмаган.

Учрашув арафасида Трамп Нетаньяхудан норози бўлгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бунга Исроил раҳбарининг “Pickaxe Mountain” деб аталувчи, чуқур ер остида жойлашган ядровий объект ҳақидаги янги разведка маълумотларини муҳокама қилиш режаси оммага сизиб чиққанлиги сабаб бўлган.

Бироқ Исроил расмийси икки давлат ўртасида бу масала юзасидан келишмовчиликлар мавжудлиги ҳақидаги тахминларни рад этган. Унинг таъкидлашича, томонлар разведка маълумотларини мунтазам алмашиб туради, Нетаньяху Трампни Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни кучайтиришга ундамаган ва дипломатик ечим имконияти ҳам сақланиб қолмоқда.

Шу билан бирга, манба Трампни Эрон билан қарама-қаршиликда “катта шерик”, Нетаньяхуни эса “кичик шерик” деб атаган. Исроил расмийсига кўра, Эронда инфляциянинг ўсиши ва аҳоли норозилиги кучайгани ҳукуматга босим ўтказмоқда. Бироқ ҳар қандай қарор қабул қилишда жаҳон иқтисодиёти ва нефть бозорига таъсири ҳам ҳисобга олинмоқда.

Расмийнинг таъкидлашича, Исроил Эроннинг ядровий дастурини мамлакат учун энг катта таҳдид деб ҳисоблайди ва Теҳрон ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўлмаслигини таъминлашни мақсад қилган. Эрон эса ядровий бомба яратиш нияти йўқлигини таъкидлаб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 29 июль куни АҚШ ва Саудия Арабистони Ироқдаги Эрон қўллаб-қувватлайдиган қуролли гуруҳларга зарба берганди. Трамп эса Эрон АҚШ ҳарбийларига ҳужум қилгани учун мамлакатга қарши кескин жавоб чоралари кўрилишини маълум қилганди.

Бунга жавобан Эрон АҚШнинг Иорданиядаги ҳарбий базалари ҳамда Ҳормуз бўғозидаги кемаларга ракета зарбалари берганини тасдиқлади. Шу билан бирга, Теҳрон Ҳормуз бўғозини Уммон билан биргаликда бошқариш ҳақидаги Уммон таклифини ҳам рад этди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг