Нетаньяху Исроил Бош прокуроридан ўзига қарши тергов ўтказишни сўради
Олам
−
12 Сентябрь
5645Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху мамлакат Бош прокурори Гали Баҳарав-Миарадан Халқаро жиноий суд (ХЖС) ҳибсга олмаслиги учун унга ва мамлакат Мудофаа вазири Йоав Галантга нисбатан тергов бошлаш ва кейинроқ уни якунлашни сўради. Бу ҳақда Исроил телевидениеси хабар берди.
Қайд этилишича, бу ташаббус ҳукумат раҳбари кўрсатмаси билан мамлакат Адлия вазири Ярив Левин томонидан таклиф этилган. Текширув натижалари тўғрисидаги ХЖСга юбориладиган маълумотларда Исроил Ғазодаги ҲАМАС ҳаракатига қарши “ҳарбий операция” ўтказиш ҳолатларини ўзи текширгани ҳақида хабар берилган бўлиши керак. Шундай вазиятда халқаро институтнинг вазиятга аралашуви талаб қилинмайди.
Телеканалга кўра, Исроил Бош прокурори бундай текширув ўтказишдан бош тортган. Унинг фикрича, ушбу ҳаракатлар ХЖСни қониқтирмайди. Махсус тузилган Исроил давлат комиссияси ҲАМАС ҳужуми ва Ғазодаги “ҳарбий операция”ни текшириши зарур. Чунки, у кўпроқ мустақиллик ва кенгроқ ваколатларга эга бўлади. Лекин, Нетаньяху бу тергов унинг истеъфога чиқишига олиб келиши сабабли унинг ўтказилишига қарши чиққан.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро жиноий суд Бош прокурори Карим Хон Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху, Мудофаа вазири Йоав Галант ва ҲАМАС етакчилари Яҳё Синвар ва Муҳаммад Дейфни (унинг ўлими ҳақида расмий хабар берилган) зудлик билан ҳибсга олиш учун ордер беришни сўраган эди.
LiveБарчаси