Нетаньяху Нью-Йоркда ҳибсга олиниши мумкин
Олам
−
19 июл 12574 2 дақиқа
Нью-Йорк мэри Зоҳран Мамдани агар Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху шаҳарга борса, унинг эҳтимолий ҳибсга олиниши қанчалик қонуний эканини ўрганаётганини маълум қилди. Бу ҳақда у “The New York Times” нашрига берган интервьюсида сўз очди.
Шаҳар раҳбари бунинг учун махсус қонунлар ўйлаб топмоқчи эмаслигини, балки фақат ҳуқуқий майдон доирасида ҳаракат қилиш ниятида эканини билдирган.
“Биз Нью-Йорк шаҳрида қонун менга нимага рухсат берса, шуларнинг барчасини қиламиз, аммо бу мақсадда ўзимизнинг шахсий қонунларимизни ёзиб ўтирмаймиз... Ҳозирда ҳуқуқий департаментимиз билан фаол муҳокамалар олиб борилмоқда”, дейди у ўз интервьюсида.
Мэр Исроил Бош вазирини ҳибсга олиш имконияти ҳақида гапирганда, у БМТ Бош Ассамблеясига қатнашиш учун Нью-Йоркка келган тақдирдагина бу амалга ошиши мумкинлигини назарда тутган.
Мамдани, шунингдек, Халқаро жиноий суд (ХЖС) томонидан Нетаньяхуга нисбатан илгари сурилган эҳтимолий ҳарбий жиноятлар айбловига таянган.
Қайд этилишича, ушбу сиёсатчи сайловолди кампанияси даврида, агар мэр этиб сайланса, Исроил Бош вазири шаҳарда пайдо бўлган тақдирда уни ҳибсга олиш бўйича Нью-Йорк полиция бошқармасига буйруқ беришини баён қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Истанбулнинг 11-Олий жиноят суди Тель-Авив томонидан Ғазо сектори учун инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган флотилиянинг тўхтатиб қолиниши муносабати билан Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни ҳибсга олиш бўйича халқаро ордер бериш ҳақида қарор чиқарганди.
Live
Барчаси